Давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифи давомида оилавий болалар уйи ташкил этган ота-оналар билан ҳам учрашди.

Хусусан, вилоятимизда ҳам биринчилардан бўлиб, Китоб туманидаги 5 сон ва Қамашидаги 4 сон Меҳрибонлик уйлари ёпилиб, у ерда тарбияланганларнинг бир қисми яқинлари бағрига қайтган бўлса, яна бир қисми оилавий болалар уйларига қабул қилинган.

Президентнинг Қашқадарёга сафари чоғида шундай меҳрибон инсонлар - Ҳусан Холлиев ва Гулбаҳор Хонимова, Шокир Суюнов ва Гулбаҳор Ҳамидова, Бахтиёр Тўраев ҳамда Гулбаҳор Алланазарова оилалари билан учрашди.

- Давлатимиз сиёсатини амалга ошириб, болаларнинг бошини силаб, оилангиз бағрига олганингиз учун сизларга таъзим қилиб, раҳмат айтаман, - деди Шавкат Мирзиёев. - Сиз ўзлигимизни, халқимиз маънавиятини намоён этиб, намуна бўлаяпсиз. Бу қийин, буни ҳамма ҳам тушунмаслиги мумкин. Лекин бу савоб ишнинг ажру мукофоти жуда улкан. Сиз тарих яратаяпсиз, ўзингизга маънавий ҳайкал қўяяпсиз. Халқимиз бундай олижаноб фазилатларни юксак қадрлайди.

Шунингдек, давлат раҳбари болажонларга ҳам мурожаат қилиб, далда берди.

- Ҳаёт ўнқир-чўнқир, синовлардан иборат. Ҳозир сизлар учун синов. Лекин, мен ишонаман, келажакда тенгдошларингга ўрнак бўласизлар. Меҳнат, машаққатсиз муваффақиятга эришиб бўлмайди. Мен ҳам болалигимда қийинчилик кўриб, катта бўлганман. Сизлар ҳар доим давлатимизнинг эътиборида бўласиз: таълим-тарбиянгиз, ўқишларга киришингизни назоратга оламиз. Худо хоҳласа, камолингизни кўриш ҳаммамизга насиб этсин, - деди давлат раҳбари.

Вилоятимизда ташкил этилган жами 16 та оилавий болалар уйларида 98 нафар ўғил-қиз оилавий муҳит тарбиясига олинган бўлиб, Президентимиз ушбу оилаларга ҳам ўз миннатдорлигини билдирди.

23-04-2022 |
Фото галерея