Иқтисодий тадқиқотлар Маркази вилоят филиали томонидан 2021 йилда вилоятнинг хизмат кўрсатиш соҳасидаги кўрсаткичлари таҳлил қилинди.

Унга кўра, кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 132624,4 млрд. сўмни ташкил қилган ҳолда, 2020 йилга нисбатан 118,4%га ошган. Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 2021 йилда бу соҳа бўйича эришилган ўсиш кўрсаткичи 2014 йилдан кейинги давр учун энг максимум қийматини қайд этган ҳолда хизматлар ҳажмининг республика кўрсаткичидаги улуши 4,7%ни ташкил қилиб, ҳудудлар орасида 6 ўринни эгаллаган.

Шунингдек, жами яратилган ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) таркибида мазкур соҳанинг улуши 34,4%ни (2020 йилга нисбатан 0,1 пункт паст) ташкил қилган.

Ўтган йилда жами хизматлар таркибида савдо (31,9%), транспорт (22,1%) ва молия хизматлари (16,2%)нинг улуши юқори бўлган бўлса, меъморчилик, муҳандислик ва техник (1,1%), соғлиқни сақлаш (1,3%), кўчмас мулк (2,5%), ижара ва лизинг (2,6%), яшаш ва овқатланиш хизматлари (2,7%) нинг улуши паст бўлган. Шу билан бирга, 2021 йил вилоятда барча хизмат турлари бўйича ўсишга эришилган бўлиб, энг юқори ўсиш суръати таълим (143,9%), соғлиқни сақлаш (127,7%), молия (127,1%) ҳамда транспорт (122,8%) соҳаларига тўғри келади.

Воҳа бўйлаб кўрсатилган хизматлар ҳажмида Қарши шаҳри (35,4%) нинг улуши энг юқори бўлган. Шунингдек, Шаҳрисабз (6,4%), Китоб, Косон, Чироқчи (5,8%дан) туманлари ва Шаҳрисабз шаҳри (4,9%)нинг улуши юқори бўлган бўлса, Нишон (3,7%), Касби (3,4%), Деҳқонобод (3,2%, Миришкор (3,2%) туманларининг вилоят жами хизматлардаги улуши паст кўрсаткични ташкил этган.

Барча туман (шаҳар)ларда хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича ўсишга эришилган бўлиб, энг юқори ўсиш суръатлари Шаҳрисабз шаҳри (129,0%), Касби (127,4%), Шаҳрисабз (125,8%), Ғузор (122,3%), Қарши ва Яккабоғ (122,1%дан) туманларига тўғри келади.

Яна бир жиҳат, 2021 йил хизматлар соҳаси бўйича барча туман (шаҳар)ларда ўсиш суръатлари таъминланганига қарамасдан, жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми бўйича Республика ҳудудларида орасида вилоят кўрсаткичи паст ҳолатни ташкил этади. Хусусан, жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми 3933,2 минг сўм (2020 йилга нисбатан 116,2% ўсиш)ни ташкил этган ҳолда Республика ҳудудлари орасида 13 ўринни эгаллаган. Вилоятда жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми Республика кўрсаткичидан 2,1 баробарга паст бўлган. Жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми бўйича вилоят ҳудуддари орасида фақатгина Қарши шаҳрининг кўрсаткичи Республика кўрсаткичидан юқори яни (2,1 баробар)га.

Жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми бўйича Қарши шаҳри (16,7 млн сўм), Муборак тумани (6,1 млн сўм) ва Шаҳрисабз шаҳри (4,6 млн сўм)нинг кўрсаткичлари вилоят ўртача кўрсаткичидан юқори бўлган. Яккабоғ (вилоят кўрсаткичидан 39,0%га паст), Касби (44,0%га паст), Қамаши (вилоят кўрсаткичидан қарийиб 2 баробар, республика кўрсаткичидан 4,1 баробарга паст), Чироқчи (вилоят кўрсаткичидан 2,2 баробар, республика кўрсаткичидан 4,5 баробарга паст) туманларида жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми нисбатан анча паст ҳолатни ташкил этган.

Шу боисдан, вилоятнинг демографик ўсиши юқорилиги (ҳар йили ўртача қарийиб 100,0 минг нафар туғилиш) кўрсатилаётган хизматлар ҳажмини ва кўламини кенгайтириш бўйича бир қатор вазифаларни амалга оширишни талаб этади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январдаги “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-104 сонли Қарори бу соҳани ривожлантириш учун муҳим аҳамият касб этади. Ушбу қарорга мувофиқ:

- Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши туманларида меҳмонхона (жойлаштириш), савдо, умумий овқатланиш, кўнгилочар, туроператор ва турагент хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари учун махсус солиқ режими жорий этилади;

- вилоят туман (шаҳар)ларидаги 18 та марказий кўчалар махсус хизмат кўрсатиш кўчаларига айлантирилади;

- Косон туманидаги “Дўстлик МФЙ” ва Яккабоғ туманидаги “Айғиркўл МФЙ” даги "Янги Ўзбекистон" массивларида 101 та янги хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади;

- Қарши шаҳридаги “Қарлиқхона МФЙ” (1,1 га ер майдони) ва Қарши тумани “Равот МФЙ” ҳудудида йирик савдо комплекслари ва ҳудудий савдо-логистика марказлари ташкил этилади;

- Ғузор, Китоб ва Муборак туманларидан ўтган халқаро йўллар бўйида хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади;

- Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида нодавлат умумтаълим муассасаларини қуриш учун жами 4 га, Косон, Чироқчи, Қарши, Ғузор туманлари ва Қарши шаҳрида жами 5 га ер майдони нодавлат мактабгача таълим муассасаларини қуриш учун е-аукционга чиқарилади;

- 2022 йилда хизматлар соҳасини ривожлантириш учун оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида вилоят учун 40,0 млрд сўм маблағ ажратилади.

Ушбу вазифаларни бажариш орқали 2022 йилда вилоятда хизмат кўрсатиш ҳажми 20268,9 млрд сўмга ва соҳада 150% ўсиш кўрсаткичига эришиш кутилмоқда. Шунингдек, янгидан ташкил этилиши кўзда тутилаётган 10032 та хизмат кўрсатиш объектлари орқали 56 минг нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланади.

05-02-2022 |
Фото галерея