Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йилнинг 16 март куни “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни имзоланди. Мазкур Қонун, аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги муносабатларни ҳар томонлама тартибга солувчи илк бор қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжат сифатида Ўзбекистон тарихидан ўрин олди. Чунки шу вақтгача бу соҳада қонунчилигимизда ҳеч қандай ҳужжат йўқ эди.

Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5655-сон Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилди.

Қонун бешта боб ва ўттиз бир моддадан иборат бўлиб, унда қонуннинг мақсади, асосий тушунчалар, аҳолини рўйхатга олишнинг вазифалари ва принциплари ёритиб берилган. Асосий принциплардан бири сифатида даврийлик принципи, яъни аҳолини рўйхатга олиш ўн йилда камида бир марта ўтказилиши ҳамда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисидаги қарор, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилиниши белгилаб қўйилган.

Аҳолини рўйхатга олиш жараёнида, шахсга доир маълумотлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга олиш варақлари асосида ҳар бир респондент учун якка тартибда тўлдирилади, яъни рўйхатга олувчи шахслар томонидан уйма-уй юриб, ҳар бир респондент учун алоҳида тўлдирилади. 

Шунингдек, Қонунда, аҳолини рўйхатга олишни тартибга солиш соҳасида давлат бошқаруви, махсус ваколатли давлат органи, рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича Республика комиссияси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари, аҳолини рўйхатга олишда иштирок этувчи респондентлар ва рўйхатга олувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тартиби, тадбирларни молиявий таъминлаш асослари белгилаб берилган.

Маълумки, БМТнинг 2015 йил 10 июндаги “2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар” резолюцияси қабул қилинган ва унга асосан, БМТга аъзо давлатлар ҳар ўн йилда камида бир марта аҳолини рўйхатга олишни ўтказиши белгилаб қўйилган. Айни пайтда, МДҲ давлатларида бу жараёнга тайёргарлик бошланган. 2019 йилнинг октябрь ойида Озарбайжон ва Беларусь давлатларида аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказлди.

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида ҳали бирор марта аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Ушбу тадбир сўнгги бор собиқ иттифоқ даврида 1989 йилда ўтказилиб, ўша пайтда юртимиз аҳолиси 19,7 миллион кишини ташкил этган.

Шу муносабат билан, мамлакатимизда ана шундай муҳим тадбирни 2023 йилда илк бор ўтказишга қарор қилинди. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасиинг  2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 710-сон қарори ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

28-01-2022 |
Фото галерея