Жорий йилнинг 2 декабрь куни вилоят ҳокимлиги биносига бир гуруҳ фуқаролар анча вақтдан буён иш жойидан иш ҳақини ололмай юргани, кўп бора мурожаат қилишгани, бунга қурилиш фирма раҳбариятидан ҳам депутат Э.Тўхтаев иш ҳақини сўраб телефон қилса қўпол сўзлар билан ҳақорат қилгани, барчасини оила аъзолари моддий томонлама қийинчиликка дуч келаётганини айтиб мурожаат билан келишган. 
 
Ушбу ҳолатга вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари А.Содиқов ва хизмат сафари билан Фарғона вилоятидан келган блогерлар ҳам гувоҳ бўлиб, ишчиларни ҳолатига раҳми келиб, видеога олишиб, ҳар иккаласи томонидан фуқаролар томонидан жаҳл устида гапирилган депутатлик мақомига таъсир ўтказадиган сўзлар ижтимоий тармоқларга кетиб қолган. Аслида, тадбиркор депутат бўлса-да, мурожаатчилар ишни тезроқ битириш учун депутатлигини айтиб келишган.
 
Бугунги кунга келиб, ишчиларни берилмаган иш ҳақлари шахсан Эркин Тўхтаевни саъйи-ҳаракатлари билан бартараф этилди ва иш ҳақлари тўлаб берилди. Ишчилар депутатдан рози бўлиб, раҳмат айтишди. Бу ерда ҳеч қандай депутатлик одоби бузилмагани, қурилиш соҳасида тадбиркорлик қилиши депутатлик ҳолатига боғлик эмаслиги аниқ бўлди. 
 
Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг қонунининг 14-моддасида "Депутат ўз ваколатларини ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларидан ажралмаган ҳолда амалга оширади. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарлари депутатни у ўз депутатлик вазифаларини бажарадиган вақтда, унинг иш жойини (лавозимини) сақлаган ҳолда, ишдан озод қилишлари шарт. Депутатлик вазифаларини бажараётган вақтда депутатнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолади", деб кўрсатилган. Яъни, бемалол Ўзбекистон Республикаси қонунларидан четга чиқмаган ҳолда барча соҳаларда фаолият олиб бориши мумкин.
 
Шу ўринда, вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати депутатдан сўрамасдан, фуқаролар томонидан депутатга нисбатан жаҳл устида айтаётган гап-сўзларини таҳрирсиз интернет тармоқларига жойлагани учун узр сўрайди. 
 
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.
06-12-2021 |
Фото галерея