Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси авваламбор юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, Ватанимиз тақдири ва истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир ёш кадрлар сафини кенгайтиришга бевосита боғлиқ. Бу ҳақда гапирганда, Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизидан зиёдини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этишини таъкидлаш лозим. Ёшлар учун уларнинг соғлом туғилишидан бошлаб, токи мустақил ҳаётга киргунича барча зарур шароитларни яратиб бериш мақсадида мамлакатимизда кўплаб ислоҳотлар амалга оширилаётгани барчамизга яхши маълум. Бугунги кун талабига кўра Ўзбекистонга жадал ислоҳотлар суръатига мос илғор кадрлар керак. Шундай экан замонавий кадрларга бўлган эҳтиёжни тўлдириш, билимли ёшларни стратегик соҳаларга жалб этиш долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 30 апрель куни Қарши шаҳри Ёшлар марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳудудий филиали ташаббуси билан Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда Қарши шаҳридаги Ёшлар марказида 21 ёшдан 30 ёшгача бўлган
110 нафардан зиёд иқтидорли, фаол талаба-ёшлар ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритиб келаётган ёш кадрлар билан Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари ва бир вақтнинг ўзида “Лидерлар” китоби муаллифи О.Хасанов билан очиқ мулоқот ташкил этилди.

Ушбу мулоқотдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида ёшларга оид давлат сиёсатини таъминлаш юзасидан берилган вазифаларнинг мазмун-моҳиятини ёш кадрларга етказиш, уларга бугунги кунда яратиб берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш, давлат хизматига кирган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ёшларни давлат фуқаролик хизматига кенг жалб этиш, ёшлар орасида давлат хизматининг нуфузини ошириш, ёшларни давлат ташкилотлари ва органлари фаолиятига қизиқтиришдан иборат.

Учрашув давомида вилоятда Республика миқёсида намуна сифатида биринчилардан бўлиб, ёш фаол кадрлар учун “Келажак лидерлари” клуби фаолиятини йўлга қўйиш, келгусида ушбу клуб аъзолари Қашқадарёнинг “Олтин захираси” бўлиши алоҳида таъкидланди. Ушбу клуб фаолияти юзасидан вилоят ҳокими билан меморандум имзоланиши, клубнинг низом ҳамда йўриқномалари ҳамда аъзоликка қабул қилиш тартибини ишлаб чиқиш вазифаси Агентлик филиали зиммасига юклатилди.

Давлат фуқаролик хизмати соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, vacancy.argos.uz сайтининг ишга туширилганлиги, давлат органлари ва ташкилотларида ходимларнинг очиқ мустақил танлов асосида ишга қабул қилинаётгани, давлат фуқаролик хизматида ёшлар ва хотин-қизларнинг улуши юзасидан, шунингдек, бугунги ёш лидерлар олдига қўйилаётган вазифалар, 2030 йилгача давлат фуқаролик хизматчисида шакллантирилиши лозим бўлган 10 та асосий кўникмалар тўғрисида тушунча берилди. Учрашув давомида ёшларни ватанпарварликка, фидоийлик ва лидерликка чорлайдиган видеороликларнинг намойиш этилиши тадбирда иштирок этган ёшларга янада яхши ўқиш, интилиш, ўз устида тинимсиз ишлаш ҳамда келажакда ҳақиқий лидер бўлиб етишишлари учун мотивация берди.

Учрашув қизғин муҳокамалар ва савол-жавоблар тарзида ўтказилди. Асосийси, учрашувда иштирок этган ёшларда янада кўп билим олишга, интилишга ва ўз устида тинимсиз ишлашга иштиёқ ортди.

30-04-2021 |
Фото галерея