Барчага маълумки, Қашқадарё вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳаси кенг ривожланган бўлиб, пахта ва ғалла ҳосилини етиштириш бўйича республикада етакчи ўринларда туради. Бугунги кунда нафақат қишлоқ хўжалигини ривожлантириш балки саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва бу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш устувор йўналишлардан бирига айланган.

Айниқса, бу борада пахта хомашёсини вилоятнинг ўзида қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга катта эътибор қаратилган бўлиб, вилоятда етиштириладиган 400 минг тонна пахта хом-ашёсидан 136 минг тонна тола ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Ўтган йиллар давомида етиштирилган хомашёнинг 53 фоизи ёки 72,6 минг тоннаси қайта ишланган бўлса, бу кўрсатгич 2022 йил якунига қадар 100 фоизга етказилиши режалаштирилган.

Шу боисдан, Косон туманида қиймати 35,0 млрд. сўм бўлган йилига 3,0 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи “Koson Baxt Tekstil” корхонаси қуриб битказилди ва фойдаланишга топширилди. Корхона Россия, Украина, Чехия ва Қирғизистон давлатларига 7,5 млн. долларлик тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятига эга. Бунинг натижасида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 500 нафар фуқороларни доимий иш ўринлари билан таъминлаш имконияти пайдо бўлди.

Очилиш тадбирида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ҳам иштирок этиб, барча косонликларни табриклади. Шунингдек, бир гуруҳ нуроний, журналист ва блогерлар ҳам корхона фаолияти билан яқиндан танишди.

Яна бир худди шундай йирик лойиҳа Қарши туманида "IYMAN textile" тикувчилик мажмуаси фойдаланишга топширилди. Ушбу тикувчилик фабрикаси тадбиркор Санжар Кароловнинг 12,5 млрд. сўм маблағлари эвазига бунёд этилди ва йилига 3,0 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга ҳисобланади.

Тикувчилик фабрикасининг очилиш қисмида сўзга чиққан вилоят раҳбари 360 нафар хотин-қизларни доимий иш ўринлари билан таъминлаган тадбиркорга алоҳида миннатдорчилик билдириб, келгуси фаолиятида янада зафарлар тилади.

Мазкур объектнинг экспорт салоҳияти 3,0 млн.долларни ташкил этиб, Россия федерациясига тикув-трикотаж маҳсулотларини сотиши режалаштирилган.

Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари учун Қарши шаҳрида 10 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган “Шифо нур” кўп тармоқли тиббиёт марказининг Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга туширилган янги биносига саёҳат уюштирилди.

Маълумот учун, тиббий марказда хориждан энг замонавий тиббий асбоб-ускуналарнинг олиб келиниши натижасида ҳозирги кунда нафақат кўз ва ЛОР аъзолари касалликлари, балки қорин бўшлиғи, бел соҳасидаги ва бошқа касалликларга ҳам ташхис қўйиш имконияти мавжуд. Марказ фаолиятининг кенгайиши бу ерда қўшимча 70 та янги иш ўрни яратилишига олиб келди.

23-10-2021 |
Фото галерея