Вилоят ҳокимлигида маҳаллалар ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатлар юзасидан танқидий-таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Олим Салиев, вилоят ҳокими Муроджон Азимов, вилоят, шаҳар ва туманлар секторлари раҳбарлари, ҳокимлар ўринбосарлари, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда маҳалла фаоллари қатнашдилар.

Кун тартибидаги масала Республика ишчи гуруҳи томонидан 6-11 декабрь кунлари Қашқадарё вилоятида олиб борилган ўрганиш натижаларига қаратилди. Вилоятдаги кам таъминланган оилалар, уларнинг кўпайиши сабаблари ва уларга олиб келувчи омиллар, аҳоли мурожаатлари сонининг ошиши каби маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Олим Салиевнинг маълумотида атрофлича таҳлил қилиб ўтилди.

“Ишчи гуруҳи фаолияти давомида кам таъминланган оилалар билан ишлаш тизими, уларни камайтириш бўйича “Қашқадарё тажрибаси”ни яратишни мақсад қилдик”, – деди Олим Салиев.

Гарчи, вилоятда 793 та маҳаллада кам таъминланган оилаларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашда ҳамда бошқа йўналишларда катта ишлар олиб борилган бўлса-да, 10 ойлик таҳлилларга кўра, вилоят бўйича кам таъминланган оилаларнинг кўпайганлиги қайд этилди.

Маҳаллаларда кам таъминланган оилаларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш борасида мутасадди ташкилотларнинг фаолиятини “маҳаллабай” ташкил этиш, ушбу оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини касб-ҳунарларга ўқитиш, иш билан таъминлаш, томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланишга кўмаклашиш соҳаларида ҳам олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш лозимлиги таъкидланди.

Вилоят ҳокими Муроджон Азимов ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини самарали ташкил этиш, ташкилотлар томонидан маҳаллаларда ишларни “хонадонбай” юритишлари лозимлигига алоҳида эътибор қаратди. Маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг юзага келишида мутасаддиларнинг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш лозимлигини маълум қилди.

Вилоят раҳбари кам таъминланган оилаларнинг кўпайиши сабаблари ва уларга олиб келувчи омиллардан келиб чиқиб, уларни камайтириш бўйича чора-тадбирларга бирма-бир тўхталиб ўтди ҳамда “вилоят тажрибаси”ни яратиш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш юзасидан топшириқлар берди. “Бугунги йиғилишдан ҳар бир раҳбар ўзига тегишли хулоса чиқариб олиши керак”, – деди вилоят раҳбари.

Йиғилишда кун тартибидаги масалалар, уларни ҳал этиш чора-тадбирлари белгилаб олинди.

11-12-2021 |
Фото галерея