27 январь куни «Кўнгил кўзи» лойиҳаси муаллифи, Масс-медиа фонди раиси ўринбосари Саида Мирзиёева Қашқадарё вилоятидаги Офтальмология шифохонаси фаолияти билан танишди.

Саида Мирзиёева ташриф ва лойиҳанинг иккинчи босқичи ҳақида ўз телеграм каналида маълумот берди.

«Кўнгил кўзи» лойиҳаси доирасида Қашқадарё вилоятидаги Офтальмология шифохонасида бўлдик. Шифохона фаолияти ва бизнинг хайрия акциямиз доирасида бу ерда текширувдан ўтаётган жажжи беморлар билан танишдик.

Aкциянинг биринчи босқичи ўз якунига етди. Ҳозирги кунга қадар республика бўйлаб 2 964 нафар бола текширувдан ўтказилди.

Энди иккинчи босқич бошланади. Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси маркази мутахассислари кўмагида болалар кўзларида ўтказилиши лозим бўлган жарроҳлик аралашувининг қийинлик даражасига кўра категорияларга ажратилди. Бундан келиб чиққан ҳолда, болаларнинг баъзилари вилоят касалхоналарида, баъзилари Тошкентда операция қилинади, айримлари эса хориждан жалб этилган мутахассислар ёрдамида даволанади. Жами бўлиб 478 нафар бола операция қилинади. Бу 630 операцияни ўз ичига олади».

Маълумот учун, Қашқадарё вилоятида лойиҳа доирасида 225 нафар бола текширувдан ўтказилди. Текширувдан ўтган болаларнинг 76 нафари операция билан шифо топиши аниқланган. Таҳлил натижаларига кўра, 22 нафар катаракта, 19 нафар лазер капсулотомия, 13 нафар иккиламчи имплантацияси ва бошқа болаларнинг кўз ҳасталикларини даволаш учун жарроҳлик амалиётлари ўтказилади.

                                      Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.

 

29-01-2021 |
Фото галерея