Дунёда кўпгина тараққий этган мамлакатлар тажрибасида давлат раҳбарининг миллий парламент аъзолари ва кенг жамоатчилик олдида мамлакатдаги долзарб сиёсий, ижтимоий-иқтисодий масалалар ва жамиятни демократик ривожлантириш бўйича Мурожаатнома билан чиқиш тажрибаси мавжуд.

Ушбу амалиёт юртимизда ҳам жорий этилиб, Ўзбекистон тарихида илк маротаба Президентнинг парламентга 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномаси тақдим этилди.

Давлат бошқарувининг бундай демократик усули, бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, авваламбор, халқ билан мулоқот принципига ғоят уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, ҳар биримизнинг иш фаолиятимиз самарадорлигини янада оширишга хизмат қилиб келмоқда.

Ўз навбатида, Давлат раҳбарининг ташаббуси билан барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари 2020 йилдан буён ўз зиммасига олган мажбурият ва режалари ижроси ҳақида маҳаллий кенгашлар олдида ҳисобот бериш тизими яратилди. Мазкур амалиётнинг йўлга қўйилиши мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг дастлабки натижалари аҳолининг ҳаёти ва кундалик турмушида ўзининг яққол ифодасини топмоқда, одамларнинг ижтимоий фаоллиги, эртанги кунга бўлган ишончи ўсиб бормоқда.

Куни кеча, Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгаши навбатдаги сессиясида, вилоят ҳокими Муротжон Азимовнинг “Вилоятнинг 2021 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ҳамда 2022 йилги режалари” ҳақидаги халққа мурожаати жамоатчилик вакиллари томонидан катта қизиқиш билан кузатилди.

Таъкидлаш жоизки, Халқ билан очиқ мулоқот натижалари асосида тайёрланган ушбу Мурожаатноманинг пировард мақсади барча соҳаларни ривожлантириш орқали халқимизнинг фаровонлигини ошириш ва кундалик ҳаётидаги муаммоларни ҳал этишни ўз ичига олган десак айни ҳақиқатдир.

Шу ўринда, вилоятда жорий йил давомида 20 минг гектарда интенсив боғ ва узумзорлар яратиш, мева-сабзавотни қайта ишлаш даражасини 25 фоизга етказиш, туманларда 11 та кичик саноат зоналарини ташкил этиш, шунингдек тижорат банкларининг кредитлари асосида хизмат кўрсатиш соҳасида 650 миллиард сўмлик 500 та янги лойиҳа амалга оширилиши белгилаб берилганлиги ҳам аҳоли манфаатларини ўйлаб амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яққол намунасидир.

Бундан ташқари, келгуси икки йилга мўлжалланган 1 минг 153 та инвестиция лойиҳасининг иқтисодий-ижтимоий аҳамиятини таъкидлаб, бунинг учун қарийб 1 миллиард доллар хорижий инвестицияларни ўзлаштириб, 19 мингта янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Пандемия даври бўлишига қарамасдан вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 108,4 фоизни, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш 114,6 фоизни, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш 100,1 фоизни, хизмат кўрсатиш 118,5 фоизни, чакана савдо 111,8 фоизни, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 103,1 фоизни, пудрат ишлари 119,6 фоизни ташкил қилиб, барча йўналишларда ўсиш таъминланган.

2021 йилда инвестиция дастурлари доирасида вилоятда умумий қиймати 3 тлрн 900 млрд сўмлик 853 та ҳудудий ҳамда 157 млн 200 минг АҚШ доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ҳисобига 6 та йирик лойиҳа тўлиқ қувватда ишга туширилган. Мазкур лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига вилоятда 7 минг 540 та янги иш ўринлари ташкил этилиб, 75 млрд. сўмлик қўшимча солиқ базаси яратилганини эътироф этиш зарур албатта.

Қолаверса, бугунги кунда вилоятдаги тадбиркорлик субъектлари сони 61 минг 512 тага, кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 69 фоизга, саноатда 25 фоизга, хизмат кўрсатишда 75 фоизга, бюджет тушумидаги улуши эса 58 фоизга етказилган.

Шунингдек, 2022 йида ҳам вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда инвестиция лойиҳалари амалга ошириш, шу билан бирга оилавий тадбиркорлик, хизматлар соҳаси, саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида устувор вазифалар белгилаб олинди.

Албатта, ушбу соҳаларни янада ривожлантириш мақсадида белгилаб олинган вазифалар, Президентимиз томонидан илгари сурилаётган “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни рўёбга чиқариш, уни тўлақонли амалга ошириш, нафақат жамиятда, балки барчамиз учун энг муҳим бош мезон ҳисобланади.

Жумладан, кейинги йили 105 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 100 млн. доллар қўшимча ресурслар ҳамда тадбиркорларга кредит фоиз тўловларини компенсация қилишга қўшимча 100 млрд. сўм ажратилади. Бундан ташқари, вилоят ҳудудларини жадал ривожлантириш мақсадида умумий қиймати 49,3 трлн. сўмлик 748 та ҳудудий ҳамда умумий қиймати 162 млн.доллар бўлган 98 та хорижий инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.

Эътиборлиси, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш мақсадида 73 та давлат активларини 71 млрд. сўм бошланғич қийматда оммавий савдоларга чиқариш кўзда тутилмоқда.

Мамлакатимиз иқтисодиётининг яна бир муҳим тармоқларидан бири транспорт ва инфратузилмани ривожлантириш мақсадида, 680 км узунликдаги ички йўллар ва кўчалар ҳамда 10 та кўприк таъмирлаш белгиланганини алоҳида таъкидлаш жоиздир.

Вилоятда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 26 та қишлоқ ва 4 та маҳаллаларда 538 км ички йўллар, 451 км ичимлик ва оқова сув тармоқлари, шунингдек 24 та сув иншоотларини қуриш ва таъмирлаш, шунингдек 398 км электр линиялари тортилади ва 55 та трансформаторларни янгилаш, 3 минг 283 та таянч устунлар ўрнатиш ишлари олиб борилиши, шу билан бирга 4 та боғча, 24 та мактаб ва 11 та тиббиёт муассасасида қурилиш таъмирлаш ишлари амалга оширилиши учун давлат ва маҳаллий бюджет ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан 463 млрд. сўм маблағ ажратилиши белгиланганлига чин маънода соҳа ривожига муҳим аҳамият касб этади.

Белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда жамоатчилик назоратини самарали ташкил этиш жуда муҳим ҳисобланади. Демократиянинг таянч устунларидан бири бўлмиш жамоатчилик назорати орқали давлат ҳокимияти органларининг фаолияти очиқ ва ошкоралиги, шаффофлиги таъминланади.

Шунингдек, вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятини бошқа институтлари ҳамда давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали, камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, шаффофликни таъминлашга эришилади.

Шундай экан, Муҳтарам Юртбошимиз бот-бот таъкидлаганлари каби “Янги Ўзбекистонни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қўрамиз”, деган тамойили асосида бугунги туб ўзгариш ва ислоҳотларни юртимиздаги ҳар бир фуқаро онгига етиб боришини таъминлаш фуқаролик жамияти институтларининг асосий вазифаларидандир.

 

                                                                                                                       Шодмонов Даврон Дўстмуродович 
                                                                                                               “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Қашқадарё                                                                                                                                                                ҳудудий бўлинмаси раҳбари

22-12-2021 |
Фото галерея