Такроран бўлса-да, Сизга мурожаат қилишга қарор қилдим ва бугунги кўрган-кечирганларим мени шунга ундади.

Биламан, ишингиз, ташвишингиз кўп. Буни тўғри тушунаман. Аммо бугун вазият жиддийлашмоқда. Давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков “касаллик қўзғатувчиси Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб айланиб юрибди. 90 мингдан ортиқ киши тиббий кузатувга олинган. Уларнинг орасида вирус юқтирган шахслар чиқиб қолиши эҳтимоли бор. Эҳтиётингизни қилинг, уйда қолинг” дея Сиз ва бизга вазият оғирлигини билдирмоқда.

Ёдингиздан чиқарманг, ҳар бирингизнинг, тумандаги 150 минг аҳолининг саломатлиги муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович, ҳурматли вилоятимиз раҳбари Зоир Тоирович ҳамда мен учун жуда қадрли.

Бугун тонг азонлаб, туман ҳудудини яна бир бор кўздан кечирдим. Минг таассуфки, кўпчилик юртдошларимиз нафақат ўзи, ҳатто мурғак фарзанди ҳаётини ҳам хавф остига қўйиб, кўчага чиққан. Бамайлихотир, сайр қилмоқда.

Биламан, Сиз мусаффо осмон остида шундай яшашга ўргангансиз ва шу ҳаёт Сизга маъқул. Бу халқимизга хос турмуш тарзи, буниям биламан. Аммо, фарзандларингиз ва Сизни жонидан ортиқ кўрувчи яқинларингиз саломатлиги учун карантин пайтида уйда қолинг. Сиздан ягона ўтинчимиз ҳам — шу.

Надомат ва қайғу билан Сизга шуни маълум қиламизки, юртимизда коронавирус юқтириб олганлар 158 нафарга етди. Аммо бу рақам ўсишда давом этмоқда. Тўхтаб турмаяпти. Биласизми нега? Боиси, Сиз ва Сиздек тумандошларимиз уйдан чиқишда давом этяпти. Бу эса касалликнинг кўпайишига, бир инсондан бир неча инсонга юқишига сабаб бўлмоқда.

Келинг, Сиз уланиб кетаётган занжирни узинг. Уйда қолиб, яқинларингиз ва фарзандларингиз соғлиғига эътибор қаратинг.

Ҳоким сифатида Сизга ишонаман ва суянаман. Биламан, Сиз ҳам бизни қўллаб – қувватлайсиз.

 

Ҳурмат билан,

Деҳқонобод туман ҳокими Зоир Алиқулов

31-03-2020 |
Фото галерея