Ассалому алайкум, азиз воҳадошлар!

Бугун мамлакатимиз миқёсида муҳтарам Президентимиз раҳбарликларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бизни Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Инсон қадрини улуғлаш ғоялари атрофида бирлаштирди.

Она табиатни асраш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Азал-азалдан кўчат эккан, боғ яратган инсонларга халқимиз алоҳида эҳтиром билан қараб, улуғлаб келади.

Муҳтарам Президентимиз томонларидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил “Яшил йиллик” умуммиллий тадбир йили деб эълон қилинди.

Ўз навбатида, баҳор эшик қоқаётган шу кунларда вилоятимизнинг ҳар бир фуқаросини ён-атрофни хушманзара бўлишига ҳисса қўшишини хоҳлаймиз.

Кўчат экиш, гулу ниҳолларни кўпайтириш бу мусаффолик, экологик муҳит софлиги ҳамда она табиатга ғамхўрлик ва инсонийликнинг юксак намунасидир!

Энг муҳими, шу тоза ҳаводан ўзингиз, оила аъзоларингиз, борингки келажакда невара-эвараларингиз нафас олади. Ёнига фарзанди, невараларини олиб кўчат эккан ҳамюртимиз уларга ибрат бўлади, бу қадриятнинг давомли бўлишини таъминлайди.

Агар “экологик муҳит ифлосланди” ёки “бузилди” деб қўл қовуштириб тураверсак, кейинги 5-10 йилликда аҳвол қандай бўлади? Бир ўйлаб кўринг.

Ҳурматли воҳадошлар, азиз ёшлар!

Ҳадиси шарифда бизга ато этган неъматларни, она табиатни асраб-авайлаш, кўчат экиш, боғ яратиш, иймоннинг ярми экани, экилган ҳар бир дарахтнинг мевасидан ёки соясидан бошқалар баҳраманд бўлса, уни эккан кишига савоб ёзилиши ҳақида айтилади.

Шундай экан, дарахтни кесиш, борни йўқ қилиш билан эмас, яратиш, экиш ва кўкламзорлаштириш ишлари билан шуғулланиш улкан савоб, келажак авлод учун юксак хазинадир!

Вилоятимизнинг барча ҳудудларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кенг кўламли ишларни амалга ошириш белгилаб олинган.

Мавжуд 796 та маҳалла ва 13 800 дан ортиқ кўчаларни обод қилиш, мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш, боғ барпо этиш, она табиатни асрашга ўз ҳиссамизни қўшиш бўйича Дастур ишлаб чиқилди.

Вилоятимизнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, ўтган йил куз мавсуми ва жорий йилнинг баҳор мавсумида 16 млн. 356 минг дона мевали ва манзарали кўчатлар экишни режа қилиб олганмиз.

Шу ўринда, олимларимиз ва мутахассисларимиз билан маслаҳатлашган ҳолда, вилоятнинг:

чўл ҳудудларда иссиқ гармсел ва қурғоқчиликка чидамлилиги учун қайрағоч (гужум), чинор, бодом дарахтлари;

шўрланишга қарши тут, сувсизликка чидамли саксовул, ясен (шумтол), япон сафораси дарахтлари;

тоғли ҳудудларда дуб, игна баргли дарахтлар (арчадошлар) барча турлари, лола дарахти, япон сапораси дарахтлари экилмоқда.

Ҳозиргача вилоят бўйича 7 млн 285 минг туп манзарали, мевали дарахт, буталар кўчатлари ҳамда қаламчалари экилди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда вилоят марказидан тортиб чекка туманларгача бўлган ҳудудларда ҳашарлар ташкил этилмоқда. Бизни мамнун этаётгани, мазкур эзгу ва хайрли ишда етти ёшдан, етмиш ёшгача бўлган аҳоли вакиллари ҳам фаол иштирок этишмоқда. Жумладан,

Қарши - Самарқанд йўлида жойлашган 37 гектарлик Қўнғиртоғ маиший чиқинди полигонида ободонлаштириш ишлар олиб борилди. 24 гектар ер майдонига 17 минг дона дарахт ва бута кўчати экилди.

Ушбу дарахтларни экиш режасида дастлаб суғориш масаласини ҳал қилиш бўйича аниқ ҳисоб-китоблар ишлаб чиқилган. Сув манбаидан полигонгача бўлган 4 км узунликдаги масофага Аму-Қашқадарё ҳавза бошқармаси томонидан 1,6 млрд сўмлик қувурлар тортиш ишлари олиб борилмоқда.

Ташкил этиладиган боғнинг ўзида томчилатиб суғориш тизимини жорий қилиш мақсадида маҳаллий бюджетдан зарур маблағлар ажратилмоқда.

Азизлар, Вилоятимизда кўчатчилик тармоғини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратяпмиз. Жорий йилнинг баҳорида 9 млн. донадан ортиқ кўчатлар экилади.

Келгусида, Талаб этиладиган кўчатни тўлиқ ўзимизда етиштириш мақсадида 2022 йилда ўрмон хўжаликларини 65 гектар майдонида янгидан ниҳолхона ва кўчатхоналар ташкил қилиб, 18 млн. дона ниҳол ҳамда кўчатлар етиштириш режаларимиз ҳам бор.

Шунингдек, жорий йилда 152 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон” боғлари, 37,8 гектар “яшил боғлар” 22,5 гектар “яшил жамоат парклари” ҳамда бир турдаги дарахт ва бута кўчатларини экиш орқали "каштан кўчаси", "чинор кўчаси” каби дарахт номлари билан аталувчи 58 та  намунавий кўчалар ташкил этилади.

Дарахт экканимиз билан у ўз-ўзидан кўкариб қолмайди. Аслида экишдан ҳам кўра уни кўкартириш биздан алоҳида ғамхўрликни талаб қилади. Кўчатларнинг тўлиқ кўкаришини таъминлаш учун томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинади.

Бунинг учун 693 км (шундан, 360 км автомобил йўллари ёқаси, 221 км фермерлар дала четига, 110 км маҳаллалар ҳудуди ва аҳоли хонадонлари) суғориш тизими барпо қилинади.

Суғориш тизимини йўлга қўйиш учун 41 дона суғориш қудуғи, 39 дона насос агрегати ва 360 км қўшимча суғориш тармоғини қуриш ҳамда 76 км узунликдаги кўчатларга томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинади.

Олдимизда турган юксак марра ва мақсадларни амалга ошириш учун айни кунлардан ҳаракатни бошламоқ, баҳор ойларида сидқидилдан меҳнат қилиш, дарахт кўчатларини экиш билан бирга ундириб олиш чорасини кўриш – чин инсоний вазифамиз ва Конституцион бурчимиздир.

Ободлик кўнгилдан бошланади! Ҳар бир ҳамюртимизни ўз томорқаси, ҳовлиси, кўча ва маҳалласидан бошлаб ниҳол экишга, хонадонлари атрофини гулу гулзорга айлантиришга чорлаймиз. Боғдорчиликда тажрибаси бўлган боғбонларни, деҳқону фермерларни намуна кўрсатишга, боғ яратиб, гўшаларни файзли масканга айлантиришга даъват этамиз. 

Кейинги йилларда иқлим ўзгариши кузатилиб, ҳаётимизда тез-тез қум ва чанг бўронлари учрамоқда, шу муҳитда яшашга мажбур бўляпмиз. Бу каби ҳолатлардан барчамиз ташвишга тушмоқдамиз.

Лекин, бу экологик ҳолатни четдан келиб биров бизга яхшилаб бермайди. Ёки кимдир биз учун дарахт экиб боғ яратиб бермайди. Бунинг ҳаммаси бизнинг ўз қўлимизда.

Барчангизни, нафақат экология, балки инсон саломатлиги, ёшлар тарбиясида беқиёс аҳамияти бўлган бу умуммиллий лойиҳани соғлиқни сақлаш муассасалари, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида алоҳида тараддуд билан олиб бориш, ҳар бир уйда, ҳар бир маҳаллада ҳашарлар ташкил этиб, бу оммавий тадбирга муносиб ҳисса қўшишга чақираман.

Биз ёшларимизга муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилаётган ташаббуснинг мазмун моҳиятини, азалий миллий қадриятларимизни тушунтиришимиз, Ватанимизни боғ-у бўстонга айлантиришга ўз ҳиссасини қўшишга чорлашимиз, ҳар биримиз шу жараённинг ичида яшашимиз лозим.

Улкан Ватан боғини обод ва файзли бўлишига муносиб ҳисса қўшинг! Бирлашиб, кўчат экиб, боғ яратайлик!

Келинг, азиз юртдошлар, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда фаол иштирок этайлик.

 

Эътиборингиз учун раҳмат!

21-02-2022 |
Фото галерея