Қашқадарё вилояти ҳокимлигида тиббиёт, иқтисодиёт, фан, таълим, адабиёт ва бошқа соҳаларда фидойилик кўрсатган бир гуруҳ воҳадошларимизга давлат мукофотларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда давлат мукофотлари билан тақдирланганлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирни вилоят ҳокими Зойир Мирзаев кириш сўзи билан очди ва мукофотланганларни халқимиз ва давлатимиз раҳбариятининг юксак эътирофига сазовор бўлганликлари билан самимий муборакбод этди.

Ушбу эътироф юртимизда инсон шаъни, қадр-қиммати юксак қадрланиши, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, Ватан тараққиёти, соғлом авлод тарбияси, юрт равнақи йўлида фидойилик кўрсатаётган юртдошларимизнинг меҳнати ҳеч қачон эътибордан четда қолмаслигининг ўзига хос намунаси эканлиги таъкидланди.

- Муҳтарам Юртбошимизнинг 1-октябрга бағишланган биз ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган табриги мендаги халқ фаровонлиги учун қайғуриш сингари эзгу туйғуларни янада тўлқинлантириб юборган эди, - дейди "Содиқ хизматлари учун" медали соҳибаси Олия Узокова. - Бугунги кўрсатилган эътирофдан кейин янада таълим сифатини яхшилаш, фарзандларимиз камолотига қаратилган таълим-тарбия ишларида олдимизга қўйган режаларни фаоллик билан, ишонч билан адо этишга катта туртки бўлди.

Мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати.

28-12-2020 |
Фото галерея