Қашқадарё вилоятида коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари раҳбарларининг жойларда коррупция кўринишлари намоён бўлишига олиб келадиган тизимли муаммолар ва коррупциянинг ҳолати тўғрисидаги ахборотларини эшитиш ва муҳокама қилиш мақсадида сенаторлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакили, ҳудудий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида видеоконференция шаклида мажлис ўтказилди.

Мажлис кун тартибига кўра, вилояти прокурори, ички ишлар бошқармаси бошлиғи, Марказий банк, соғлиқни сақлаш бошқармаси ва бошқа мутасадди давлат ташкилотлари раҳбарларининг соҳалар кесимида коррупцияни олдини олиш бўйича қилинаётган ишлар ва йўл қўйилаётган камчиликлар юзасидан ахборотлари эшитилди.

- Энг аввало, ҳар қандай иллатга барҳам беришда самарали восита - бу иллатни ўзи билан эмас, балки келиб чиқиш сабаби билан курашиш лозимдир, - дейди вилоят ҳокими Зойир Мирзаев. - Шу боисдан, вилоятда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупцион омилларга чек қўйиш мақсадида, Муҳтарам Президентимиз томонидан берилган барча топшириқлар ижросини сўзсиз бажарилишини таъминлаймиз.

Қайд этиш жоизки, таҳлил қилинган даврда Қашқадарё вилоятида 273 нафар турли даражадаги мансабдор шахс, 36 нафар соҳа ходими коррупция билан боғлиқ турли жиноятларни содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган.

27-10-2021 |
Фото галерея