Президентимизнинг жорий йил 26 январдаги "маҳаллабай" ишлаш бўйича янги тизимни ташкил этиш ва камбағалликни қисқартириш юзасидан берган топшириқлари асосида вилоятдаги раҳбарлар "маҳаллабай" ишлаш тизимида фаолият олиб боришмоқда.

Хусусан, вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Китоб тумани, Қарши шаҳри, Қарши тумани ва Чироқчи туманларида юриб, аҳоли муаммоларини ўрганди. “Маҳаллабай” ишлаш тизими доирасида жойларда аҳоли билан сайёр қабуллар ўтказилди.

Навбатдаги “маҳаллабай” ўрганиш ишлари Aмир Темур бобомиз билан боғлиқ Чироқчи туманининг чекка қишлоқларидан бири “Тарағай” ҚФЙда давом этди.

Ўтказилган сайёр қабулда “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”, аҳоли бандлиги ва тадбиркорлигини ривожлантириш масалаларига аҳамият қаратилди.

"Лангар" МФЙда яшовчи Ибодат Муҳаммадиева "Усмон" бренди остида экспортбоп кийим ишлаб чиқараётганлиги, бу орқали қишлоқ хотин-қизларининг касб ўрганиши, даромад олиши учун ҳаракатда эканлигини билдирди. У вилоят раҳбаридан кийим-кечаклар ишлаб чиқарилишини кенгайтириш мақсадида кредит сўраб мурожаат қилди. Вилоят раҳбари эса тадбиркорлиги орқали қишлоқ аёлларининг бандлиги ва касб-ҳунар ўрганишига ҳисса қўшаётган тадбиркор аёлнинг фаолиятини ривожлантириши учун "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш" жамғармасидан қайтармаслик шарти билан 50 миллион сўм ажратиб берилишини айтиб ўтди.

Шунингдек, “маҳаллабай” ўрганишлар давомида қишлоқнинг “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш юзасидан ҳам ишлар олиб борилди.

“Тарағай” қишлоғининг сўлим ва баҳаво табиати, Амир Темур бобомизнинг қадимий ғори, “Тешиктош” тор йўлаги, июн ойларига қадар сақланиб турувчи музликдан эриб тушган зилол ва ширин сув ҳосил қилган ирмоқ, қимирловчи катта тош каби ўзига ҳос манзаралари нафақат мамлакатимиз, балки француз ва бошқа чет эллик сайёҳларни чорлайди.

“Тарағай” қишлоғининг туризм салоҳиятини юксалтириш, тарғиб этиш ҳамда сайёхлар учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида туризм хизматларини ривожлантириш борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, сайёҳларга имкониятлар яратилиши белгиланди. 

Вилоятда ҳозирда 73 та рўйхатдан ўтган меҳмон уйлари асосан Китоб, Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарларида фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилда бу каби меҳмон уйлари сони 100 тадан оширилади. Ана шундай меҳмон уйлари “Тарағай” қишлоғида ҳам очилиши бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Тадбиркорларга “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури доирасида 30 миллион сўм гаровсиз кредит ажратилиши, уларнинг фаолиятини қонунийлаштирган ҳолда туристик хизматлар йўлга қўйилиши зарурлиги таъкидланди.

-  Тарағай қишлоғи бир неча йиллардан буён чет эл сайёҳларини қабул қилаётган экан, - деди вилоят ҳокими. - Энди уларга ўзингизнинг қадим ва асрий анъаналарингизни намоён этишингиз, миллий таомларингиздан ҳам мунтазам тайёрлаб беришни йўлга қўйишингиз лозим. Шундагина Тарағайга сайёҳлар оқими янада ортади, ҳудуднинг доврўғи бошқа мамлакатларга ҳам тарқалади.

Қишлоқнинг ижтимоий-иқтисодий “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш давомида ҳунармандлар маркази, тикувчилик корхонаси ташкил қилиш орқали монетизацияни яхшилаш, қишлоқни комплекс ривожлантириб, янги туризм манзилларини юзага келтириш бўйича ҳам масъулларга топшириқлар берилди.

Таъкидлаш керак, айни кунларда Тарағайдан Амир Темур ғоригача бўлган масофада тадбиркорлар томонидан амалга ошириладиган лойиҳаларда 50 гектар майдонда питомник, тиббий соғломлаштириш маркази, зотдор эчкичилик фермаси, меҳмон уйлари, доривор ўсимликлар етиштириш ва қадоқлаш фабрикаси, асаларичилик хўжалиги ҳамда 1.5 километр масофада тоғ дор йўли ташкил этиш кўзда тутилган.

Вилоят ҳокими қабули ва ўрганишлардан сўнг Тарағай қишлоғида аҳоли мурожаатларидан келиб чиқиб, амалий ишлар бошлаб юборилди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

Ахборот хизмати.

02-03-2021 |
Фото галерея