Чироқчи туманининг эртапишар полиз экинлари довруғи нафақат мамлакатимизда чет давлатларда ҳам ёйилиб улгурди. Ана шундай ишбилармон ва меҳнаткаш халқ бўлган чироқчиликлар бу йил муносиб инфратузилма ва ишчи ўринлари кенгайиши ҳисобига яшаш шароитлари янада яхшиланади.

11 май куни Чироқчи туманининг "Шўрбозор" маҳалла фуқаролар йиғинида вилоят раҳбарларининг туман жамоатчилигига ўтган чорак ва кейинги мақсадлар юзасидан ўтказган ҳисобот йиғилишида чироқчиликларга яратилган ва яратиладиган имкониятлар тақдимот шаклида ҳамда масъул ташкилотларнинг ҳисоботлари орқали таништирилди.

Чироқчи тумани Қашқадарё вилоятининг энг кўп аҳоли истиқомат қилувчи ҳудудларидан биридир. Шу боис, туманда ишсизлик муаммоси муҳим масалалардан бўлиб келмоқда. Туманда 422,1 минг аҳоли вакиллари истиқомат қилса, 16,1 минг нафари меҳнатга лаёқатли банд бўлмаган фуқаролардир. Шундан  “Ёшлар дафтари”га киритилганлар 12 372 нафар, “Аёллар дафтари”га киритилганлар 1 674 нафар, ҳарбий хизматдан қайтадиганлар 182 нафар, жазони ижро этиш масканларидан 6 нафар, меҳнат бозорига кириб келадиганлар эса 3 903 нафар ҳамда 977 нафар иш излаб юрганлар ҳисоби ташкил этади. 

Ижтимоий дастурлар доирасида имтиёзли кредитлар ажратиш, инвестиция лойиҳалари, ер ажратиш, хақ тўланадиган жамоат ишлари, махсус курсларда ўқитилиб, хорижий давлатларга юбориш, субсидиялардан фойдаланиш, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш орқали шу йили 8,4 минг ишсизлар бандлиги таъминланишига эришилиши кутилмоқда. Шу билан бирга фуқароларнинг ўзини-ўзи банд қилиши учун чоралар кўрилади.

“Оилавий тадбиркорлик” дастури доирасида Қарши шаҳридан кейинги энг кўп ижтимоий кредит ресурслари 58 млрд 674 млн сўм чироқчиликлар тадбиркорлигига йўналтирилган. 7 май ҳолатида “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида 1 822 та имтиёзли кредит расмийлаштирилиб, 38 млрд 961 миллион маблағ сарфланган.

Хизмат кўрсатиш йўналишида амалга ошириладиган 51 та лойиҳа орқали 339 нафар иш ўринлари яратилади. Халқаро аҳамиятдаги автомобил йўллари бўйида хизмат кўрсатиш ва туризм соҳасида 87 та объект ташкил этилади.

Бепоён Чироқчи адирларида чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик ва сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш орқали субсиядилар ажратилиши ва шу орқали ишчи ўринлари кенгайиши ҳисоби ҳам олинмоқда.

Шунингдек, туманда коммунал хизматлар кўрсатиш, ичимлик суви, автомобил ва ички йўллар яхшиланади. Чироқчининг қишлоқларида турар-жойлар қурилади.

Маҳаллабай тизими доирасида аниқланган 18 та МФЙларда 11,7 млрд сўм ҳисобига 36,6 км ичимлик сув тармоқлари тортилади.

16,5 млрд эвазига 145,3 км электр узатиш тармоқлари реконструкция ва янгидан қурилиш ишлари олиб борилади. 4,4 млрд сарфланиб, 44 та трансформатор пунктлари қурилади.

Туман худудидаги автомобиль йўлларини таъмирлаш ишлари учун 26,4 млрд сўм ажратилиб, ушбу маблағлар эвазига 58 км йўл таъмирланади. 17,1 млрд сўм сарфланиб, автомобиль йўлларида жойлашган 6 дона кўприклар қайта қурилади. Туман ҳудудида 4 км пиёдалар йўлаклари ва 73 дона тунги кўча ёритиш устунлари ўрнатилади.

Шу куни жамоатчиликка берилган ҳисоботдан сўнг вилоят раҳбарининг сайёр қабули ҳам ўтказилди. Қабул давомида 21 нафар фуқаро томонидан 28 та масала юзасидан мурожаатлар қилинди. Ушбу мурожаатлардан 16 таси жойида ҳал этилган бўлса, 5 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди. 7 таси масалани ҳал этиш учун ўрганиш жараёнида.

Сайёр қабулда иштирок этиб, мурожаати ижобий ечим топган бегламишлик Наргиза Қурбонмуротова ўзида йўқ хурсанд. У вилоят ҳокимига хонадонида уй кутубхонаси ташкил этиш мақсади борлигини билдирди. Наргизанинг мурожаати ижобий ҳал этилиб унга кутубхона ташкил этиш учун 15 миллион сўм миқдорида пул ажратиладиган бўлди.

 

12-05-2021 |
Фото галерея