Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ҳисоб палатаси, Олий Мажлис Сенати билан ҳамкорликда Қашқадарё вилоятида коррупциянинг олдини олиш, молиявий интизомни кучайтириш, бюджет даромадларини ошириш ва энергия ресурсларидан қонуний фойдаланиш бажарилган ишлар бўйича ўрганишлар ўтказилди ва жорий йилнинг 30 апрель куни бу борада масъуллар хисоботи эшитилди.

Тадбирда Агентлик директори ўринбосари Талъатжон Ҳайдаров, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, тегишли бошқарма ва бўлим бошлиқлари, маҳаллий кенгаш депутатлари иштирок этишди.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг 22 апрель куни ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳаси йўналишларини ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари томонидан ҳудудий ташкилотлар раҳбарлари орасида коррупция жиноятлари тез-тез учраётганлиги кескин танқид қилинди. Бу борада қонун устуворлиги, жазо муқаррарлиги принциплари сўзсиз таъминланиши ҳам алоҳида таъкидланди.

Йиғилиш давомида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ҳисоб палатаси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан 2020 йил 30 ноябрда вилоятда коррупциявий ҳолатларни олдини олиш, уни келтириб чиқараётган омилларни бартараф этиш бўйича “йўл харитаси” бандлари ижроси кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, Давлат раҳбари, Олий Мажлис ва Ҳукумат томонидан коррупция иллатини бартараф этиш бўйича қатъий чоралар кўрилаётганига қарамай, Қашқадарё вилоятида бу борадаги ёндашув талаб даражасида эмас. Жумладан, ҳозирги кунда “йўл харитаси”га киритилган вилоят даражасида ижроси таъминланиши лозим бўлган 13 та чора-тадбирдан 8 таси ўз муддатларида бажарилётган бўлса, 4 таси бўйича ижро муддатлари бузилган.

Қашқадарё вилоятида мактабгача таълим, халқ таълими, ободонлаштириш ҳамда ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш соҳаларида ҳам пул маблағлари ва моддий бойликлар камомади, маблағларни ўзлаштириш ҳолатлари кўплаб аниқланган.

Шунингдек, ноқонуний ҳаражатлар ва ортиқча тўловларнинг асосий қисми уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, халқ таълими, ободонлаштириш соҳалари ҳамда Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компаниясига тўғри келган.

Ушбу муаммоли масалаларни атрофлича муҳокама қилиш, соҳа раҳбарлари маъсулиятини кўриб чиқиш, келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича аниқ чоралар белгилаб олиш учун халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари муҳокамасига бирорта масала тақдим этилмаган. Ўз навбатида депутатлар томонидан ҳам ушбу топшириқ ижроси бўйича бирон ташаббус кўрсатилмаган.

Бундан ташқари “йўл харитаси” билан корхона ва ташкилотларда “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун талабларига риоя қилиниши ҳолатини халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларида ҳар ойда муҳокама қилиб бориш тизимини жорий қилиш белгиланган.

“Йўл харитаси” тасдиқланганидан 4 ой ўтганига қарамай, бу борадаги муаммолар ҳам халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларида муҳокама қилинмаган.

Йиғилиш давомида шу каби масалалар танқидий кўриб чиқилди ҳамда Қашқадарё вилоятида коррупцияни келтириб чиқараётган омилларни бартараф этиш бўйича келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати раҳбари,
Аҳрор Содиқов.

30-04-2021 |
Фото галерея