Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида бугунги кунда 146 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Қарши шаҳрида қад ростлаган мазкур мактаб ўтган уч йил ичида ўнлаб истеъдодли ўқувчиларни кашф этди.

Мактаб ўқувчилари “Билимлар беллашуви” ва фан олимпиадаларида она тили ва адабиёт, тарих, инглиз тили, биология, кимё, математика фанларидан юқори кўрсаткичларга эришди. 2019 йилда 9-синф ўқувчиси  Эъзоза Алишерова “Sakura science program” дастури асосида Япония илм-фан ва технологиялари агентлиги ташкил этган анжуманда Абдулла Орипов шеърларини инглиз ва япон тилларида ўқиди. У бешта тил, жумладан, япон тилида ҳам гапиришни ўрганди.

Эъзоза 2019 йилда таълим йўналишида Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. Ҳозирги кундаТошкент давлат юридик институтининг 1-босқич талабаси.

Мактаб ўқувчиларидан Севинч Омонова, Эъзозбек Чўлиев, Дилбек Бозоров, Бобомурод Саъдуллаев, Шаҳина Собирова, Мадина Омонова Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ўтказган “Йилнинг энг ёш истеъдодли шоири”, “Ёш китобхон”, “Заковат”, “Ҳаётни сев”, “Йил ҳикояси — 2020”, “Темур тузуклари билимдонлари” каби кўрик-танловларда ғолиб бўлди.

Мактаб ўқувчиларининг ижод маҳсули “Митти юлдуз жилолари”, “Яна баҳор келди”, “Ватан бахти”, “Қувноқ болалар” каби тўпламларда чоп этилди. — Абдулла Орипов ижоди нафақат миллий, балки умум инсоний ғоялар билан ҳам суғорилган, — дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ёқутхон Жамолова. — Шу боис, шоир шеърларини хорижий тилларга ўгириш, таржимонлар.

тайёрлашга ҳам эътибор қаратяпмиз.  Ўқувчиларимиз  Абдулла Ориповнинг “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?”, “Қушча”, “Она тилим”, “Митти юлдуз”, “Она” шеърларини инглиз ва рус тилларига таржима қилди. Шоир ижодидан қилинган таржималар ижтимоий тармоқларда хорижлик олимлар томонидан юритилаётган саҳифаларда мунтазам ёритиб борилмоқда.

2019 йил Қарши шаҳрида Абдулла Орипов хотирасига бағишланган “ОЛТИН СЎЗ” (“GOLDEN WORD”) халқаро адабиёт фестивали бўлиб ўтди. Унда дунёнинг ўнга яқин давлатидан келган ижодкорлар қатнашди.  Ушбу халқаро анжуман 2020 йилда пандемия туфайли онлайн тарзда ўтказилди. Унда 35 давлатдан вакиллар иштирок этди. Тадбирда мактабнинг 10-синф ўқувчиси Севинч Ҳ амроеванинг шеърий тўплами кўпчилик эътиборига тушди.

— Ижод мактаби шахсан менга жуда кўп нарсаларни ўргатди. Энг муҳими, кўзланган мақсадга фақат билим орқали эришиш мумкинлигини англадим, — дейди  Севинч Ҳамроева. — Президентимизга Қашқадарё вилоя тига ташрифи чоғида ўзимнинг шеъримни ўқиб бериш бахтига муяссар бўлдим. “Қалб чизгиси” шеърий тўпламим Буюк Британияда инглиз тилида чоп этилди.

Бугунги кунда илм-фан тараққиётини ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Таълим даргоҳидаги ўқув хоналари, лабораторияларнинг барчаси оптик толали юқори тезликдаги интернет тармоғига уланган. Синф хоналари энг сўнгги русумдаги компьютер, интерактив доска ва видеопроекторлар билан жиҳозланган. Мактаб ўқувчилари ўзбек тили ва адабиёти билан бирга инглиз тили, ахборот технологиялари фанларини ҳам чуқур ўзлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Таълим даргоҳининг 7-8 синф ўқувчилари Aзизбек  Омонов ва Сарвар Саъдуллаев “Aбдулла Ориповни бирга ўрганамиз” компьютер дастурини ишлаб чиқди. У “Scratch” визуал дастурлаш услубида яратилган.

 — Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб яратилган ушбу дастур орқали шоир ҳаёти ва ижоди ҳақида кенг маълумотга эга бўласиз, — дейди Сарвар Саъдуллаев. — Унда ўрганган маълумотларингиз асосида тест синовидан ўтишингиз ҳам мумкин. Агар битта саволга тўғри жавоб берсангиз, ҳисобингизга 20 балл қўшилади. Нотўғри жавоб қайтарсангиз, 10 балл олиб ташланади. Балингиз 50 дан паст чиқса, сиз янада кўпроқ ўқишингиз, ўрганишингиз керак, деган мотивация берилади. Шу орқали шоир ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиш мумкин.

Мактабнинг биринчи қаватида шоир хотирасига эҳтиром сифатида мўъжаз музей ташкил этилган. Ундан 300 дан ортиқ экспонат ўрин олган. Абдулла Орипов улғайган бешик, шоир болалиги билан боғлиқ сандал, шеърият кечалари, китобхонлик, оила даврасида, ижодкор онаси Турди Карвон қизи, отаси Ориф ота, болалик йиллари, таҳсил олган мактаби биноси, устоз лар, хорижий мамлакатларга қилинган сафарлар акс этган суратлар, ижодкорнинг илк “Митти юлдуз” китоби, ҳаётининг сўнгги кунларида қоралаган шеърлари, нашр этилган китоблари ва эсдалик совғалар шулар жумласидан. Улар орасидан ноёб бир экспонат — Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг илк қўлёзма нусхаси ҳам ўрин олган.

 Президентимизнинг “Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори  ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли шоир, таниқли жамоат арбоби, Давлат мадҳияси муаллифи Абдулла Орипов ижодий меросига бўлган юксак эътибор намунасидир. Айни пайтда мактабда мазкур санани муносиб нишонлаш учун қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Ижод мактаби ҳудуди ҳамда шоир ҳайкали жойлашган майдонда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб бориляпти. Бундан ташқари, барча ижод мактаблари ўртасида “Митти юлдуз жилолари” шеърият мусобақаси, “Назм дорилфунунининг бетакрор шоири” мавзусида республика илмий-назарий конференциясини ўтказиш, ижод мактаби фаолияти ҳамда ўқувчилар шеърлари жамланган баёз нашр этиш каби тадбирлар кўзда тутилган.

Рисолат МАДИЕВА,

 “Янги Ўзбекистон” мухбири

11-03-2021 |
Фото галерея