Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев 25 март куни АҚШнинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Даниел Розенблюм билан расмий учрашув ўтказди.

Учрашувда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, фан, таълим ва маданият соҳаларида, шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорлик ривожига ҳам хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

- Тошкент шаҳридан сўнг Қарши шаҳрида "Америка бурчаги"ни очилиши ҳам Президент Шавкат Мирзиёев ҳамда Ўзбекистон ҳукумати таълим тизимида катта ислоҳотларни амалга ошириш орқали эришмоқчи бўлган жараёнга катта ҳурмат билан қарашимни англатади, - деди АҚШ элчиси.

Томонлар ишлаб чиқариш, туризмни ривожлантириш ва маданий мерос объектларини келажак авлодга сақлаб олиш масалаларида ҳам музокаралар олиб борди.

АҚШ элчиси 26 март куни Қаршида Марказий Осиёдаги энг йирик Америка бурчаги очилишида иштирок этди. Очилиш маросимида давомида ўтказилган брифингда Даниел Розенблюм қуйидагича фикр билдирди.

- Қарши шаҳрида Америка бурчагининг очилиши нафақат икки давлат, балки АҚШ ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги муносабатларни ҳам мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Қарши шаҳридаги Америка бурчаги дунёнинг 140 дан ортиқ мамлакатларида очилган 600 дан зиёд шу каби марказлар тармоғига қўшилади. Масканда танлов асосида саралаб олинган маҳаллий мутахассислар билан бир қаторда Фулбрайт дастури бўйича Ўзбекистонга келиб, бевосита Қашқадарёда фаолият юритаётган АҚШлик ўқитувчилар ҳам таълим беради. Шунингдек, бу ерда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари ва Америкадан ташриф буюрган таниқли шахслар – ёзувчилар, мусиқачилар ва бошқалар иштирокида ҳам турли тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган.

26-03-2021 |
Фото галерея