Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги ПҚ-4804 сонли Қарорига асосан Қарши саноат касб-ҳунар коллежи биносида лойиҳа асосида капитал реконструкция ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш натижасида “Ишга марҳамат” мономаркази ташкил этилди.

Мазкур марказнинг очилиш тадбирида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов ҳамда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев иштирок этишиб, барча тадбир иштирокчиларини янги марказнинг очилиши билан табриклади.

Маълумот учун, мономарказда 32 та йўналиш бўйича касбга тайёрлаш, хорижий тиллар, рақамли технологиялар ва тадбиркорликни ўргатиш курслари ташкил этилади ва йиллик ўқитиш қуввати 2 790 нафарни ташкил этади. Шунингдек, марказ 2021 йилда иш қидирувчи фуқаролар, ташкиллаштирилган тартибда хорижга меҳнат миграциясига кетмоқчи бўлган фуқаролар, нодавлат ўқув марказлари битирувчилари ва бошқа аҳоли тоифалари учун WorldSkills стандартлари асосида 10 та ишчи касблар бўйича касбий малакани баҳолаш маркази ташкил этилади.

Бундан ташқари, Россия Халқлар Дўстлиги Университети (РУДН) томонидан касб-ҳунар ва рус тили ўргатиш ўқув курслари ташкил этиш учун алоҳида ўқув хона ажратилган бўлиб, Бирлашган Араб Амирликлари, Япония ва Жанубий Корея давлатларидаги таълим муассасалари билан ҳамкорликда араб, корейс ва япон тилларини ўргатиш курслари ташкил этиш режалаштирилган.

29-06-2021 |
Фото галерея