Республикамиз бўйлаб мазкур санада нафосат ва гўзаллик тимсоли бўлган азиз аёллар ва дилбар қизларимизга чуқур ҳурмат-эҳтиром ҳамда юксак эътибор кўрсатиш хотин-қизларга бўлган ғамхўрликнинг ёрқин белгиси ҳисобланади. Хусусан, қашқадарёлик мўътабар онахонлар ва мунис опа-сингилларимиз учун ҳам байрам тадбирлари юқори савияда ташкил этилди.
 
Жумладан, воҳа марказида ташкил этилган байрам тадбирини вилоят ҳокими Муротжон Азимов табрик сўзи билан очиб берди ва хотин-қизларимизни самимий табриклар экан, "Аёл қадри, инсон қадри улуғланган юртда эса, тинчлик ва фаровонлик, аҳиллик ва барака албатта барқарор бўлади.", дея давлатимиз раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтирди.
 
Унда, вилоятимизнинг 17 нафар барча соҳаларда етакчи, матонатли, фидойи ва намунали аёллари байрам арафасида Президент фармони билан таъсис этилган “Мўътабар аёл” кўкрак нишонларини ҳамда 21 нафар хотин-қизлар эса вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқларини вилоят ҳокими қўлларидан қабул қилиб олишди.
 
Яна бир юксак эътироф! Бу йил Президент Фармони билан меҳнатда намуна кўрсатган 8 нафар вилоятимиз вакиласи юксак давлат мукофоти билан тақдирланган бўлса иқтидори билан тенгдошларига ўрнак бўлган 2 нафар зукко қизларимиз эса Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори бўлди.
 
Сана муносабати билан ўтказилган бу каби байрам тантаналари туман (шаҳар)ларда ҳам юқори савияда ташкил этилиб, ҳудудлардаги олис ва қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи аёл меҳнат фахрийлари, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда бемор ва ногирон хотин-қизлар ҳолидан ҳам хабар олинди.
09-03-2022 |
Фото галерея