Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар Маркази вилоят филиали томонидан 2021 йилда истеъмол молларини ишлаб чиқариш кўрсаткичлари таҳлил қилинди.
Унга кўра, вилоятда 4615,4 млрд сўмлик (2020 йилга нисбатан 98,0%) истеъмол товарлари ишлаб чиқарилган бўлиб, республикадаги улуши 3,0% (2020 йилда 3,8%)ни ташкил қилган ҳолда ҳудудлар орасида 9 ўрин (2020 йилда 9 ўрин)ни эгаллаган ҳамда ишлаб чиқарилган истеъмол моллари таркибида озиқ-овқат маҳсулотларининг улуши - 59,7%, ноозиқ-овқат маҳсулотлари - 38,0%, алкоголли маҳсулотлар - 2,3%ни ташкил қилган. Шуни таъкидлаш лозимки, вилоятда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2020 йилга нисбатан - 1,9%, ноозиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш -1,3%, алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш -13,5% га камайган.
Шунингдек, туман (шаҳар)лар кесимида 2021 йил ишлаб чиқарилган истеъмол моллари хажми 2020 йилга нисбатан Шаҳрисабз (107,3%), Деҳқонобод (106,0%), Чироқчи (103,3%), Ғузор (103,0%), Миришкор (102,5%), Касби (102,4%), Қамаши (102,1%), Китоб (101,8%), Нишон (101,1%), Қарши (100,7%), Яккабоғ (100,3%) туманлари ва Қарши (102,4%) ҳамда Шаҳрисабз шаҳрида (102,1%) ошган бўлса, Косон (97,9%) ва Муборак (97,5%) туманларида пасайиш тенденцияси кузатилган.
Қарши шаҳри (вилоятдаги улуши 23,3%), Чироқчи (12,9%), Шаҳрисабз (10,3%) туманларининг вилоят истеъмол моллари ишлаб чиқаришдаги улуши юқори бўлган бўлса, Миришкор (3,0%), Деҳқонобод (2,3%), Касби (2,2%) ва Муборак (1,7%) туманларининг улуши паст бўлган.

Жон бошига тўғри келадиган истеъмол моллари ишлаб чиқариш хажми вилоят бўйича 1368,8 минг сўмни (Республика кўрсаткичидан 3,1 баробар паст, ҳудудлар орасида 13 ўрин) ташкил қилган ҳолда 2020 йилга нисбатан 3,9 фоизга камайган. Шуни таъкидлаш лозимки, вилоятнинг бирорта ҳудуди кўрсаткичи республика ўртача кўрсаткичидан юқори бўлмаган.
Қарши (2,8 баробар) ва Шаҳрисабз (1,6 баробар) шаҳарлари, Шаҳрисабз (1,5 баробар), Чироқчи (102,0%) туманларида жон бошига тўғри келувчи истеъмол моллари хажми вилоят кўрсаткичидан юқори бўлган бўлса, Яккабоғ (97,7%), Нишон (89,6%), Косон (88,6%), Миришкор (83,0%), Китоб (73,8%), Муборак (65,6%), Ғузор (34,1%), Қарши (54,4%), Деҳқонобод (2 баробар), Қамаши (2,1 баробар) ва Касби (2,8 баробар) туманларининг кўрсаткичи вилоят кўрсаткичига нисбатан паст бўлган.
Туман (шаҳар)ларда жон бошига тўғри келувчи истеъмол моллари ишлаб чиқариш хажми бўйича юқори ўсиш суръатларининг таъминланмагани, айрим туманларда 2020 йилга нисбатан пасайиш ҳолати кузатилганлиги умумий ҳолатда вилоят кўрсаткичининг паст бўлишига сабаб бўлган. Жумладан, Яккабоғ (99,2%), Нишон (98,8%), Қарши (98,3%), Косон (95,7%) ва Муборак (95,4%) туманларида жон бошига тўғри келадиган истеъмол моллари ишлаб чиқариш хажми камайган.
Умумий ҳолатда, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг реал эҳтиёжи қондирилиши нуқтаи назаридан вилоятда истеъмол моллари ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳалар сонини кўпайтириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш бўйича тезкор чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши талаб этилади.

03-02-2022 |
Фото галерея