Ассалому  алайкум, азизлар!

Ҳурматли тиббиёт ходимлари!

Сўзим аввалида, ҳаётини инсон саломатлигини муҳофаза қилиш ва асраш ишига бағишлаган сиз азиз саломатлик посбонларини Тиббиёт ходимларини куни байрами билан муборакбод этаман.

Ҳар бир инсон учун  соғлиқ, саломатликдан ортиқ бойлик йўқ. Давлатнинг қудрати ва салоҳияти, тиббиёт соҳасига қаратилган эътибор билан чамбарчас боғлиқ. Чунки  соғлом фикр ичида соғлом ҳаёт кечираётган соғлом халқ қандай буюк ишларга қодирлигини яхши биламиз. Бу каби қарашларнинг нечоғлик долзарблиги  синовли кунларда, пандемия шароитида янаям яққол намоён бўлди. Нажот истаб, умид билан қараб турган беморга кунни тунга улаб муолажа қилиш, нафақат дори-дармон балки, сўз билан даволаш ишини олиб бориш нафақат касбий маҳоратни, балки, тинимсиз изланиш, фидойилик ва жасоратни талаб қилади. Нажот истаб келган бемор учун, энг яқин маслакдош, дўст ва қадрдон шифокор бўлади. Бу эзгуликни намунаси, албатта.

Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини ошириш – тобора янги талаб ва вазифаларни олдимизга қўймоқда. Соҳа ходимларининг  тинимсиз ўз устида ишлаши, замонавий технологиялар, даволаш усулларини пухта эгаллаши – соҳадаги сифат ва самарадорликни таъминловчи бирламчи омилдир. Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам тиббиёт тизимини ривожлантириш, соҳа ходимлари учун шарт-шароит ва имкониятларни, имтиёзларни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди. Таҳлил ва қатъий тартиб-интизом асосида – халқимизнинг ишончини қозониш ниҳоятда долзарб эканлиги таъкидланди.  

Ҳар бир ҳудуддаги касалликлар таркибига қараб, ихтисослашган даволаш муассасалари ташкил этиш зарурлиги айтиб ўтилди. Мисол учун, вилоятимизда  эндокринологик касалликлари энг кўп қайд этилган. Шу каби долзарб йўналишда илғор хорижий клиникалар филиалларини ташкил этиш, бунга хусусий секторни жалб қилиш юзасидан кўрсатмалар берилди.17 та ихтисослашган тиббиёт марказини ҳудудий шифохоналар билан боғлаш, телемедицина орқали тажриба алмашинувни ривожлантириш, касалликлар тури ва динамикасидан келиб чиқиб, жойларда ихтисослашган марказнинг минтақавий филиалларини ташкил этиш муҳимлигига эътибор қаратилди.

Бу барча янгиликлар ва ўзгаришлар ҳақида  айнан  Тиббиёт ходимлари куни арафасида  айтилаётгани ва ҳаётга татбиқ этиш учун зарур чоралар кўрилаётгани бежизга эмас, чунки инсон саломатлиги учун ўзини масъул ва жавобгар деб ҳисоблайдиган ҳар бир тиббиёт ходими ўз фаолиятини ана шундай юксак мезонлар асосида ташкил этиши, муносиб шароитда ишлаши, давлатимизнинг рағбатини  ҳис қилиши,  доимий эътиборда бўлиши – бу сиз азиз тиббиёт ходимлари учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди, деб ҳисоблайман.

Азизлар! Шу ўринда айтишимиз керакки, Қашқадарёда ҳам соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ва натижада аҳолининг саломатлик ҳолатини аниқлаш борасида бир қатор ўзгаришлар амалга ошириб келинмоқда.

Айни пайтда вилоятимизда яшаётган 3 млн 318 минг нафар аҳолига 300 та даволаш-профилактика муассасаси тиббий хизмат кўрсатмоқда.  2019 йилда 803 миллиард, жорий йилнинг ўтган даврида эса 1 триллион 92 миллиард 920 миллион  сўмлик маҳаллий бюджет маблағлари соҳа ривожига йўналтирилди. Вилоят тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий ускуналар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилгани натижасида, бир қатор янги асбоб-ускуналар харид қилинди. Тез тиббий ёрдам хизмати автотранспорти 257 тага етказилди.

Тизимдаги даволаш-профилактика муассасаларига жорий йилда дори-дармон учун 67,9 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Ўтган йилда 28 та, жорий йилнинг ўтган даврида эса 25 та тиббиёт муассасасида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди.

Тиббиёт – доимий янгиланишни талаб қиладиган соҳа. Шу сабабли ҳам, тизимнинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга ҳам катта эътибор қаратилаяпти. Биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 279 нафар битирувчи ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштирилди. Малакали мутахассислар томонидан бугун Қашқадарёда ҳам энг мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилаётганини алоҳида айтиб ўтиш жоиздир.

Вилоятимизда мавжуд 72 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳамда 9 та оилавий поликлиникада аёллар маслаҳатхоналари, қизлар саломатлиги хоналари, тез ёрдам шохобчалари ва ижтимоий дорихоналар фаолияти йўлга қўйилган.

Мураккаб пандемия шароитида тиббиёт ходимлари фидокорона меҳнат қилганликларини алоҳида эътироф этиш зарур. Эл бошига тушган шундай синовли ва таҳликали даврда фидойи шифокорлар, ҳамширалар, доялар, орастабонларнинг машаққатли ва шарафли меҳнатини барчамиз чин дилдан ҳис этамиз ва уларга  миннатдорчилик билдирамиз. Сиз умид учқунларини порлатган нажоткор, жасорат соҳибларисиз, - дегимиз келади.

Ана шундай инсонлар томонидан олиб борилган фидокорона меҳнат, жонкуярлик муносиб эътироф этилди. 160 нафар соҳа ходими  “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан тақдирланди.  Карантин тадбирларига жалб этилган шифокор ва тиббиёт ходимларига қўшимча 110 миллиард  сўмлик моддий рағбатлантириш, мукофот маблағлари берилди. Меҳнат, фаолияти давомида касаллик қарши курашиш чоғида ҳалок бўлган соҳа вакилларининг хизматлари олдида қарздорлигимизни, уларнинг жонфидолиги ҳамиша эътироф этилишини  ва  оила аъзолари давлатимиз томонидан эътиборга олинганини ҳам айтиб ўтишим керак.

Ҳа, тиббиёт соҳасини ривожлантириш, нуфузли клиникаларнинг филиалларининг, ихтисослаштрилган илмий-амалий марказларнинг вилоятимизда фаолият юритиши, салоҳиятли мутахассисларнинг жалб этилиши – бу аввало одамларимиз учун қулайликларни кенгайтириш, уларни даво истаб олисга йўл босишининг олдини олишга қаратилгандир. Яна бир муҳим жиҳати, бу каби янгиланишлар тиббиёт ходимларининг малакасини ва  касбий маҳоратини оширишга хизмат қилмоқда.

Юқорида айтиб ўтганимиз, видеоселектор йиғилишида  Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек,  мамлакатимизнинг чекка ва олис ҳудудларида бирламчи бўғин фаолиятига эътибор кучайтирилади, Оилавий шифокорга ёрдам берадиган ўрта тиббиёт ходимларидан иборат терапия, педиатрия, акушерлик ва патронаж бўйича “тиббиёт бригадалари” ташкил этилади. Бирламчи бўғин шифокорларга имтиёзли ипотека кредитлари ажратилади. Тиббиёт олий ўқув юртлари ҳудудларга бириктирилади. Бу каби янгилик ва ўзгаришлар шубҳасиз, соҳа ходимларини рағбатлантириш орқали сифатли фаолият кўламини яратишга асос бўлади.

Яна бир қувонарли жиҳати, жорий йилда давлатимиз раҳбарининг фармонига асосан 18 нафар соҳа ходимининг юксак давлат мукофотлари   билан тақдирланиши воҳамиз тиббиёт ходимларининг меҳнатига муносиб рағбат бўлди. 

Қадрли тиббиёт ходимлари!

Халқимизнинг саломатлигини сақлашдек, ўта масъулиятли ва шарафли ишда Сизларнинг касбий маҳоратингиз, билим ва тажрибангиз, инсонийлик фазилатларингизга ишонамиз ва фидокорона меҳнатларингизни қадрлаймиз. Тиб илмининг улуғ султони Абу Али Ибн Синонинг муносиб издошлари сифатида эл эъзози ва эътирофига сазовор бўлишингиз тарафдоримиз.

Азиз, саломатлик посбонлари! Бугунги байрам билан яна бир бор қизғин табриклар эканман, машаққатли ва шарафли меҳнатингизда улкан зафарлар, мустаҳкам соғлиқ, оилангизга файзу барака, эзгу ишларингизда муваффақиятлар тилаймиз!

 

ЭЪТИБОРИНГИЗ УЧУН ТАШАККУР!      

 

Зойир Мирзаев, Қашқадарё вилояти ҳокими.

07-11-2020 |
Фото галерея