Ассалому алайкум, азиз воҳадошлар!

Бу йил Бош Қомусимиз қабул қилинганига роппа-роса 28 йил тўлди. Ўтган вақт мобайнида Конституциямиз ҳар биримизнинг ҳаётимизга ҳар бандида назарда тутилган эркинликлари, моҳиятида акс этган қадр-қимматимиз, мазмунига сингдирилган бахту иқболимиз кафолати вазифасини шараф билан адо этиб келди. Шу сабабли ҳам ушбу қутлуғ сана умумхалқ байрамларимиз қаторида муносиб эъзозланиб, юртимизда яшаётган ҳар бир оила тақдирида муҳим аҳамиятга эга ва ҳар бир фуқаро қалбидан муқим жой олди.

Ушбу улуғ айём билан Сизларни ва Сиз орқали бутун Қашқадарё халқини чин қалбимдан муборакбод этишга ижозат бергайсизлар.

Азизлар!

Ўзбекистон Конституцияси халқимизнинг эркинлик сари узоқ йўлдаги изланишлари натижасидир. Авваламбор, конституциявий бинони қуришда уч минг йиллик миллий давлатчилик тажрибасига таянилганини қайд этиш ўринлидир.

Асосий Қонунимиз қадимги Хоразм ва Сўғдиёна, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Амир Темур ва Темурийлар, ўзбек хонликлари, халқимизнинг тарихий анъаналари ва унинг мустақил давлат ҳақидаги кўп асрли орзусини ўзида мужассам этган.

Кўҳна заминимиз одамлари кўнглида устувор бўлган адолат, ҳақиқат, иймон, олижаноблик, бағрикенглик, мардлик, тантилик каби улуғ хислатлар Конституциямиздан муносиб ўрин олган.

Шу билан бирга, Асосий Қонунимиз кўплаб демократик давлатларда конституциявий қурилиш соҳасидаги илғор тажрибанинг энг яхши жиҳатларини, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг умумэътироф этилган нормалари ҳамда мазкур соҳадаги бошқа халқаро ҳужжатларга асосланган инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, эркинлигини таъминлаш ва ҳимоя қилиш механизмини ўзида мужассам этган.

Юртимизнинг асосий Қонуни – Конституциямиз ўтган йиллар давомида ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниб, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечиришини, тинчлик ва миллий тотувликни таъминлашда ҳуқуқий асос бўлиб келди.

Конституциямизда фуқароларнинг, жинси, ирқи, миллати, дини, тили, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, барча учун тенг бўлган эркинликлари ва ҳуқуқлари, давлат ижтимоий-сиёсий қурилишининг ҳуқуқий, фуқаролик, сиёсий, иқтисодий тамойиллари олий даражада ўз ифодасини топган. У инсон ҳаёти ва фаолиятини дахлсизлик тушунчаси билан ҳимоялай оладиган муқаддас манбадир. Унинг ҳар бир боби, ҳар бир моддасида юртимиз тараққиёти, халқимизнинг эмин-эркин, ҳеч бир тазйиқ ва ташқи таъсирларсиз, озод ва фаровон яшаши тўла-тўкис кафолатланган.

Азизлар!

Инсонни эъзозлаш, манфаатларини ҳимоялаш чинакам демократик, адолатли давлатга хос хусусиятдир. Асосий Қонунимизнинг 13-моддасида кўрсатиб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва Қонунлар билан ҳимоя қилинади.

Ўтган 28 йил давомида қандай имкониятларни қўлга киритган бўлсак, буларнинг заминида, таг-томирида Конституциямиз – буюк қомусимиз тургани, шубҳасиз. Бугун қайси соҳани олмайлик, саноат, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш бўладими, ижтимоий ҳаётимиз ёки янги-янги қурилишлар, шаҳар ва қишлоқларимизни ободонлаштириш бўладими - буларнинг ҳаммаси инсон учун, шу юртда, жумладан, воҳамизда яшаётган одамлар учун амалга оширилаяпти. Яратилган имкониятлар туфайли бугун вилоятда аҳоли жон бошига даромад 2,5 баравар ошди. Қашқадарё мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган табиий газнинг 50.фоиздан ортиғини, нефтнинг 60, пахтанинг 13, ғалланинг 13,5 фоизини бермоқда.

Яқин 4 йил ичида 9238 та хонадон газлаштирилди, 187 та қишлоқ тоза ичимлик суви билан таъминланди.

Айниқса, яқинда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёвнинг вилоятимизга ташрифи воҳа ижтимоий-иқтисодий тараққиётида муҳим аҳамиятга эга ташриф бўлди. Давлатимиз раҳбари худудни ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитини янада яхшилаш, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, саноат, тадбиркорлик каби қатор соҳаларни изчил ривожлантириш мақсадида 36 трлн.сўмга яқин маблағ ажратгани Қашқадарё тарихидаги энг аҳамиятли воқеа бўлди.

Юртбошимиз таъкидлагани каби 2021 йил “Қашқадарёда тадбиркорликни ривожлантириш йили” бўлиб қолади. Сабаби, кичик бизнес ва тадбиркорлик  иқтисодий тараққиётнинг энг муҳим асосларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда жами 1153 та лойиҳа учун 7,4 трлн.сўм маблағ ўзлаштирилиши кўзда тутилган. Бу лойиҳалар асосида ўртача 14,6 минг иш ўрни яратилади. Демак, шунча одамнинг уйига фаровонлик, файз, барака кириб боради.

Худди шу каби, саноатни ривожлантириш мақсадида 288 та ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади ва 7657 та барқарор иш жойлари пайдо бўлади. Шунингдек 26 та кичик саноат зоналар, жумладан 15 та ёшлар учун махсус кичик иқтисодий зоналар ташкил этилади.

Вилоят бўйича 2021 йилда 2 та мактаб янгидан қурилади, 71 та мактаблар реконструкция қилинади, 15 таси капитал таъмирланади.

Соғлиқни сақлаш тизимида: 2020-2021 йил январига қадар аҳолини хатловдан ўтказиш, антропометрик ўлчовларни ташкиллаштириш орқали аҳолининг саломатлик ҳолатини баҳолаш ва уларнинг электрон базасини шакллантирилади.

2021 йил якунига қадар аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини, жумладан тўғри овқатланиш одатларини шакллантириш ва жисмоний фаолликни таъминлаш мақсадида маҳаллаларда кечки сайр ва оммавий спорт турлари билан шуғулланишга тегишли шароитлар яратилади ва оммавий тадбирлар ташкиллаштирилади;

Шунингдек, вилоятимизда қондаги қанд миқдорини аниқловчи глюкометр аппарати ва экспресс тестларни ишлаб чиқарувчи қўшма корхонани ташкил этилади.

Келаётган  2021 йил ноябрь ойига қадар (Қарши шаҳар туғруқ комплекси, вилоят перинатал маркази, репродуктив саломатлик маркази, вилоят скрининг маркази) оналик ва болаликни муҳофаза қилиш кластери ташкил этилади.

Инвестиция дастури доирасида вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги 11 та тиббиёт муассасасида қурилиш реконструкция ишлари учун Республика бюджетидан 83 млрд 400 млн сўм маблағ ажратилади ва ушбу муассасалар тўлиқ замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш каби ишлар амалга оширилади.

Вилоятда Мактабгача таълим тизимида болалар қамровини жорий йил якунига 48,1 фоизга, 2021 йилда 56,1 фоизга, 2022 йилда 61,5 фоизга етказилади.

Вилоятнинг Деҳқонобод, Миришкор, Муборак, Қарши, Қамаши, Чироқчи, Нишон, Касби, Ғузор, Косон туманларининг ҳар бирига, ҳар 10 та давлат мактабгача таълим ташкилотига тоза ичимлик суви ташиш учун 1 тадан махсус водавоз ажратилишида амалий ёрдам бериш орқали давлат МТТларини узлуксиз равишда тоза, сифатли ичимлик суви билан таъминланади ҳамда санитар-гигиеник осойишталикка эришилади.

“Имкон” дастури доирасида реабилитация марказлари бўлган 150 ўринли кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти 2021 йилда фойдаланишга топширилади.

2021 йил Инвестиция дастурида 15 та объектларининг қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишларига 64,1 млрд сўм маблағ ўзлаштирилиши режалаштирилган. Жумладан, 1 та янги қурилиш, 14 та реконструкция. Ушбу объектлар топширилгандан кейин қўшимча 1050 та ўрин яратилади.

Шунингдек, 400 ўринли 4 та давлат-хусусий шерикчилик,  7500 қувватга эга 200 та оилавий нодавлат, 100 ўринли 1 та хусусий мактабгача таълим ташкилотларида мазкур ишлар амалга оширилади.

Қадрли дўстлар, ушбу санаб ўтганларим, биргина вилоятимиз миқёсида амалга ошириладиган кенг кўламли  ишлардир. Энди бу каби ўзгаришлар, янгиланишларни мамлакатимиз миқёсида тасаввур этсак, эл фаровонлиги, мамлакат тараққиёти йўлидаги мардонавор одимларимиз нақадар залворли эканлиги яққол намоён бўлади. Бу тараққиёт ва фаровонликнинг ҳуқуқий асоси, шубҳасиз Бош Қомусимиздир.

Ҳурматли воҳадошлар!

Жорий йил бутун дунё аҳли учун ғоятда  ташвишли келди. Глобал пандемия дунёнинг манаман деган давлатларини ҳам саросимага солиб қўйди. Фақат, қонун устувор ва халқи ҳамжиҳат мамлакатларгина бу оғир, синовли вазиятларда ортиқча талофатларсиз ўтмоқда. Конституциямизда кафолатланган ижтимоий ҳимоя механизми ва давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси туфайли мамлакатимизда аҳолини коронавирус инфекциясидан ҳимоя қилиш, карантин шароитида ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими яратилди. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида аҳолининг эҳтиёжманд қатлами ҳимояга олинди. Вилоятимизда ушбу ҳаракат доирасида жами 92 167,3 млн.сўм маблағ тўпланди, 104 923 та оилага 87 677,3 млн.сўмлик моддий-маънавий кўмак берилди.  Шунингдек, 297 963 нафар фуқаро “Темир дафтар” руйхатига олинди, уларнинг 48 599 нафари бандлиги таъминлангани туфайли бугунги кунда бу дафтардан чиқарилди. Бир сўз билан айтганда, бу синов даврида тизимли ва аниқ манзилли чора-тадбирларда азалий қадриятларимиз ва қонунларимиз асос бўлиб хизмат қилди.

Азиз дўстлар!

Конституциямизни муқаддас ҳужжат, беназир ҳуқуқий қадрият сифатида асраш-авайлаш, унинг мазмун-моҳиятини тушуниш, амалий фаолиятда унга оғишмай риоя қилиш, баён этилган барча ҳуқуқлардан самарали фойдаланиш ва бурчларни виждонан масъулият билан бажариш, келажак авлодга улуғ неъмат сифатида етказиш, у билан фахрланиш ҳар бир Ўзбекистон фуқароси учун шарафдир.

Бугунги шодиёна билан яна бир бор муборакбод этиб, Сизларга сиҳат-саломатлик, бахту-саодат ва фаровонлик, хонадонларингизга файзу-барака, амалга ошираётган барча бунёдкорлик хайрли ишларингизда муваффақиятлар  тилаймиз!

 

Зойир Мирзаев, Қашқадарё вилояти ҳокими.

08-12-2020 |
Фото галерея