Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг Китоб туманига ташрифи аввалида мева-сабзавотчилик, боғларни яхшилашга бағишланган амалий семинар ўтказилди.

Семинарда Китоб туманида боғ ва токзор ташкиллаш, сабзавот eтиштиришда муҳим бўлган илмий – агротехник ишлар, сифатли навларни танлаш, парваришлаш каби масалалар кўргазмали тақдимот шаклида иштирокчиларга тушунтириб берилди.

Вилоят ҳокими бошчилигидаги масъуллар Китоб туманини ижтимоий-иқтисодий ва шу билан бирга туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва ободонлаштириш ишларини боришини кўздан кечирди. Жойларда бўлиб, масъуллар томонидан тайёрланган тақдимотлар билан танишди.

Китоб тумани азалдан ўзининг табиати ва хушҳаво манзилгоҳлари билан кишиларни жалб этади. Китобнинг табиатидан унумли фойдаланиш учун тумандаги 6 та туризм манзилгоҳлари инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Башир қишлоғида “Туризм қишлоғи” ташкил қилинмоқда. Зиёратгоҳда 30 та оилавий меҳмон уйи, туризм хизматлари кўрсатувчи 5 та марказ, автотураргоҳ, тиббиёт пункти бўлади. Ташриф буюрувчилар учун интернет ва замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш имкониятини яратиш учун туристик харита, WI-FI, банкомат, ахборот маркази ташкил этилади.

Вилоят раҳбарининг ҳудудда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва бунёдкорлик ишлари билан танишиш учун кейинги манзилга бориши вақтида Қашқадарёнинг рамзий устуни ёнида тўйини нишонлаётган келин-куёвни учратди. Ёшларни ҳаётидаги энг муҳим куни билан табриклади ва эсдалик учун совға берди.

Кейинги манзил туманнинг қўшни Тожикистон Республикаси билан чегарадош қисмидаги қишлоқларда бўлди.

Таъкидлаш керак, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида вилоятнинг энг чекка қишлоқларида ҳам спорт тадбирлари ташкил қилинмоқда. Шундай мусобақалардан бирида Зойир Мирзаев ҳам иштирок этиб, уларга эсдалик совғалари тақдим этди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

Ахборот хизмати.

20-02-2021 |
Фото галерея