Коронавирус пандемияси даврида кўпчиликда қўрқув ва ҳавотир кузатилмоқда. Шундай бўлсада, синовли даврда ташаббус кўрсатиб қўлидан келганича, имконияти доирасида эхтиёжмандларга кўмак кўрсатаётган инсонларга ташаккур айтаман.

Ҳозирги вақтда Коронавирус ва у туфайли юзага келган қатор чекловлар натижасида иши вақтинча тўхтатилган кунбай ишловчи, муайян даромад манбаига эга бўлмаган оилалар, кам таъминланган - ночор оилалар, кексаларимизнинг аҳволи мени анча ташвишга солиб турган эди. Айни шу пайтда, ташаббус билан чиқаётган тадбиркорлар, идора ва ташкилотлар, имконияти борларнинг эхтиёжмандларга ёрдам қўлини чўзаётганликлари, ҳолидан хабардор эканликлари қувонтиради ва уларга чуқур ташаккур айтаман.

 Оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда ҳам хайрли ишлар кенг ёритиб борилмоқда. Бундан мақсад риё эмас, айнан хайрли ишларни кенг ёйилишини таъминлаш, ўрнак кўрсатишдир. Мен биламанки, барча имконияти етарли инсонлар қўшнисининг ҳолидан хабардор, қариндош-уруғининг аҳволини билади. Ва улар ҳам имконияти даражасида ҳаракатда. Ана шундай синовли даврда кўмаклашаётганлар юртимизнинг, вилоятимизнинг энг муҳим кишиларидир.

Синовли вазиятда Муҳтарам Юртбошимиз томонидан белгилаб берилган мажбуриятларни бажариш учун барча чоралар кўрилмоқда. Олис ҳудудлардаги дорихоналарда зарур дори-дармонлар, савдо дўконларида муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилишини таъминлаш ишларига тегишли ташкилотлар сафарбар этилган. Барча идора ва ташкилотларда 60 ёшдан ошганлар, ҳомиладор аёллар ва уч ёшгача фарзанди бўлган, сурункали касаллиги бор ишчи-ходимларга меҳнат таътили берилди. 62 та махсус гуруҳларда ҳарбийлар, 60 нафар фавқулодда вазиятлар бошқармаси, 65 нафар ички ишлар бошқармаси, 30 нафар санитария мутахассислари жалб этилиб, вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари дезинфекциялаш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Яширмаймиз, вилоятимизда коронавирус тарқалишининг олдини олиш бизнинг энг муҳим вазифамиз. Ана шу вазифани сидқидилдан, кун-у тун жонини жабборга бериб бажарилишида жонбозлик кўрсатаётган соҳа вакиллари шифокорлар, ҳамширалар умуман соғлиқни сақлаш тизимидаги ходимлар, дезинфекциялаш ишларига сафарбар этилган аскарлар, фавқулодда вазиятлар, ички ишлар, миллий гвардия, санитар мутахассислар ва бошқаларнинг салмоқли ишларига тасанно деймиз, ана шулар миллий қаҳрамонларимиздир. Насиб қилса, синовли кунлар оҳирига етсин деймиз ва қилган кўпдан кўп ҳаракатларингизни мукофотлаш насиб этсин бизга.

Қадрли Қашқадарёликлар юқорида келтирилганидек, Сизнинг хавфсизлигингизни таъминлаш учун, кўплаб инсонларнинг сабри, меҳнати, салоҳияти сафарбар этилган. Шундай вақтда жуда кўп нарса бизнинг ҳамжиҳатлигимизда, белгиланган ва жорий этилган чекловларга риоя қилишимизга боғлиқ.

Карантин даврида бир-биримизни қўллаб-қувватлайлик! Коронавирусни енгиш учун ўз вазифамизни астойдил бажариш барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир.

Зойир Мирзаев, Қашқадарё вилояти ҳокими.

30-03-2020 |
Фото галерея