Бугун – 18 февраль куни халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашининг VI чақириқ 21-сессияси бўлиб ўтди. Унда бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Кун тартибидаги биринчи масала Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-6155-сонли Фармони ижросини ташкил этишга бағишланди.

- Сессия қарорларини қабул қилишда ва муҳокамалар жараёнида "дежурний" гаплардан фойдаланишдан қочайлик энди, - деди Зойир Мирзаев. - Халқимизга фойдаси тегадиган ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиб, уларга "эртага, индинга", деб эмас, аниқ муддат ва амалий натижалар билан ўрнак бўлишимиз керак.

Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари халқ вакилларига Фармон ижросига қаратилган “Йўл харитаси” юзасидан ахборот беришди. Унда соҳалар бўйича ҳар бир ўринбосарга аниқ вазифалар тақсимлангани депутатлар томонидан маъқулланди. Улар томонидан шунингдек, вилоятдаги барча тегишли мажмуа ташкилотларида ҳам иш тизимини тубдан ўзгартириш ва реал рақамларга таянган ҳолда иш олиб боришни йўлга қўйиш таклифи билдирилди.

Сессия ишининг ҳар бир масаласи танқидий ва депутатларнинг фаоллиги билан бўлиб ўтди. Аёллар ва ёшлар дафтари бўйича амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва кредитлаш масалалари бўйича ҳам кенгроқ тарғибот-ташвиқот олиб бориш таклиф этилди.

Кун тартибидаги ёшларни иш билан таъминлаш, уларга ер майдонларини ажратиш, жиноятчиликка қарши кураш борасида профилактик тадбирларни мунтазам равишда ўтказиб бориш, вилоятдаги ҳар бир маҳаллага малакали ходимларни бириктирган ҳолда, “маҳаллабай” ишлаш тизимини ташкил этиш каби масалалар юзасидан депутатлар томонидан билдирилган таклифлар, фикрлар ва мулоҳазаларни инобатга олиниб, қарорлар қабул қилинди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

Ахборот хизмати.

18-02-2021 |
Фото галерея