Кеча - 15 сентябрь куни Қашқадарё вилояти ҳокимлигида халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгашининг навбатдаги сессияси ўтказилди.

Унда вилоят сектор раҳбарлари, сенаторлар, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, битирувчи ёшларнинг ота-оналари ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Сессия ишини видеоселектор ва "ZOOM" дастури орқали туман, шаҳар студияларида депутатлар ҳамда тегишли масъуллар ҳам кузатиб борди.

Сессияда барча даражадаги таълим муассасаларини битирувчи ёшларни бандлигини таъминлаш ва касб-ҳунарга ўргатишни ташкил этиш чора-тадбирлари ҳамда вилоятда кўмакка муҳтож бўлган ишсиз ёшларнинг рўйхатини шакллантириб, янги тизим асосида улар бўйича “Ёшлар дафтари”ни юритилишини йўлга қўйиш ҳамда пахта мавсумида мажбурий меҳнатни олдини олиш масалалари кўриб чиқилди.

- Ўтган йилгидек бир дунё ваъдаларни бериб, халқ олдида ўз обрў-эътиборларингни бир пул қилманглар, - деди вилоят ҳокими. - Тарғибот тўғри бўлса пул топаман деган аҳоли тушунади. Мана Косон туманида халқнинг ўзи ташаббус билан чиқди "Далаларимизга терим машиналари кирмасин, ўзимиз терайлик, оиламизга даромад бўлади", деб.

Шунингдек, сессия давомида вилояти ҳокими Зойир Мирзаев мактаб, касб-ҳунар коллежлари, академик лицей ва олий ўқув юртлари битирувчиларига ва уларнинг ота-оналарига мурожаат қилди. Мурожаатда вилоят раҳбари ёшлар бандлигини таъминлаш масаласида депутатлар ҳам ўз салоҳиятини кўрсатиши, ҳар бир депутат ўз ҳудудидан 5 нафар ёшларни оталиққа олиши, ёшларнинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлишида халқ вакиллари кўмаклашишлари бўйича ўз таклифларига тўхталиб ўтди.

Маълумот ўрнида, шу куни Халқаро олий ўқув юртларининг талабалари бўлган қашқадарёлик ёшларнинг ота-оналари билан ҳам учрашилди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати

16-09-2020 |
Фото галерея