Ватан тинчлиги йўлида ўз хизмат бурчларини садоқат билан адо этаётган ҳарбийларимиз доим давлат эътиборида бўлиб, ҳар йили ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланади. Шу боисдан, бу йил ҳам Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда 14 январь – "Ватан ҳимоячилари куни" муносабати билан Қашқадарё вилояти бўйлаб қатор байрам тадбирлари ўтказилди.
 
 
Жумладан, бугун вилоят ҳокимлиги, вилоят ташкилот ва корхоналари, муассасалари раҳбарлари ва ҳарбий қисмлар командирлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари ҳарбий оркестр садолари остида Қарши шаҳридаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.
 
 
Шунингдек, вилоят мусиқали драма театрида сана муносабати билан концерт дастури ташкил этилиб, унда иштирок этган вилоят ҳокими Муротжон Азимов ҳарбийларимизга Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
 
 
Театрда ўтказилган мазкур тантаналарда бир гуруҳ ватан ҳимоячиларига давлат мукофотлари ва вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари топширилиб, хушовоз санъаткорлар томонидан айтилган куй-қўшиқлар барчага бирдек кўтаринкилик бағишлади.
 
14-01-2022 |
Фото галерея