Қашқадарё вилояти ҳокими коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича вилоят махсус комиссиясининг раиси З.Мирзаев Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашининг VI чақириқ 10-сессиясида тиббиёт ходимларига, корхона ва ташкилот раҳбарларига ва ходимларига, йўловчи ташиши ва маиший хизмат, умумий овқатланиш ва савдо хизмати кўрсатувчи тадбиркорларга ҳамда бозор раҳбарларига мурожаат қилди:

Бугунги вазиятни инобатга олган ҳолда ва Республика комиссиясининг қарорига биноан бир қатор чекловлар сақланиб қолганлиги барчангизга яхши маълум.

Фурсатдан фойдаланиб вилоятда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш, катта машаққат билан эришилган вазиятни сақлаб қолиш мақсадида бугун вилоят ҳокимлиги, ҳурматли депутатларимиз, секторлар раҳбарлари Сизларга мурожаат қилмоқчимиз.

Азиз шифокорлар– Сиз пандемия даври бошлангандан буён юксак маънавий жасорат кўрсатиб келмоқдасиз. Сизларнинг машаққатли меҳнатингиз эвазига вилоятда вирус билан касалланган беморларнинг 97% соғайишига эришилди. Ҳар бир беморни ўз қондошидек, ўз фарзанди ва ота-онасидек қараган, улардан ширин сўзини аямай тепаларида мижжа қоқмай тонг оттирган Сиз азиз шифокорларга юксак, миннатдорчилик билдирамиз.

Бугун Сизларга шундай мурожаат қилмоқчимизки вазиятни сақлаб қолиш кўпроқ Сизларга боғлиқ. аҳолига коронавирус инфекциясини юқтирмаслик ва ундан сақланиб юриш бўйича тушунтириш ишларини бир муддат тўхтатманг. Ташкил этилган мобил гуруҳларининг самарали ишлашини йўлга қўйинг. Сиздан нажот кутиб келганларни умидсиз қилманг ва ёрдамингизни аяманг. Ва албатта ўзингизни асранг.

Тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари – Барча ширин уйқуда ётган вақтда ўзини аямай, шамолдек елиб, саломатлик ва тириклик элчиси сифатида беғараз ёрдам кўрсатиб келмоқдасиз. Тез ёрдам бригадаларини ҳайдовчилари ҳам шифокорлар билан бир қаторда улуғ савобга дахлдордир. Давр Сизлардан бугун кечагидан, эртага бугунгидан кўра масъулиятлироқ ҳушёр ва зийрак бўлишингизни талаб этмоқда. Ишонамизки, Сиз бу “довон”дан ҳам муваффақиятли ошиб ўтасиз, Халқимиз ишончини оқлайсиз.

Корхона ва ташкилот раҳбарлари, азиз тадбиркорлар ҳамда ходимлар– ўз ташкилотингизда карантин талабларига тўла риоя этилишини таъминланг. Ушбу соҳада бирор бир ҳолатга бефарқ қараманг. Барча ходимларингиз учун барча хавфсизлик талабларини таъминланг, ходимларнинг тўлиқ ҳимоя воситаларида бўлишини таъминланг. Касаллик юқтирган ходимларингизга эътибор қилиб тезроқ соғайиб кетишига кўмаклашинг.

Йўловчи ташиш хизмати кўрсатувчи корхона раҳбарлари, ҳурматли ҳайдовчилар – ҳозирги пайтда энг катта масъулият Сизларнинг зиммаларингизда эканлигини унутманг. Аҳоли энг кўп мулоқотда бўладиган жамоат транспорти бўлганлиги боис муайян чекловларни сақлаб қолиш шарти билан фаолиятингизга рухсат берилди. Бу имкониятни суиистеъмол қилманг. Айрим ҳайдовчиларимиз ва йўловчиларимиз томонидан талабларга беписанд қараш ҳоллари кузатилмоқда. Биз ўйлаймизки йўловчилар ҳаётига хавф солиши мумкин бўлган ҳолатларга йўл қўймайсиз.

Маиший хизмат, умумий овқатланиш ва савдо хизмати кўрсатувчи тадбиркорларга ҳамда бозор раҳбарлари, сотувчилар ва дорихона эгалари – Мана фаолиятингизни қайтадан бошладингиз, севимли ишингизга, оилангиз иқтисодини таянчи бўлган касбингизга қайтдингиз. Карантиннинг сақланиб қоладиган талабларига тўла амал қилишингизни сўраймиз. Улар аслида мураккаб эмас ва энг асосийси Сизнинг тўлақонли фаолият юришингизга тўсқинлик қилмайди. Аслида уларнинг аксариятини доимий сақлаб қолиш ҳам гигиена жиҳатидан ҳам эстетика жиҳатдан ниҳоятда муҳим. Тозалик бу соғлик гарови, юксак маданият кўриниши.

Ошпазлар ва официантлар ҳам доимий равишда тиббий ниқобда ва қўлқопда бўлишлари шарт, ижтимоий масофани сақлашлари ниҳоятда муҳим.

Савдо дўконлари ва бозорларда маҳсулотларни харидорлар қўли билан ушламаслиги, маҳсулотлар шаффоф пленка остида, салқин ҳароратда тоза ва озода сақланиши сотувчилар учун қут-баракани харидорлар учун сифатли маҳсулот олишларини таъминлайди.

Бозор пештахталарини ҳар куни ювиб дезинфекция қилиш эса бозорни озода ва файзли бўлишига, харидорларни сонини кўпайишига, маҳсулотларни узоқроқ вақт сифатли сақланишига сабаб бўлади.

Қадрли маҳалла раислари:

Муҳтарам Юртбошимиз 4 августда ўтказган видеоселектор йиғилишида бугунги кунда “Маҳалла” тизими олдида турган вазифаларни аниқ белгилаб бердилар.

Шундан келиб чиқиб!

Маҳаллангиздаги Профилактика инспекторлари билан бирга ҳар бир касалланган ёки карантинга олинган фуқароларнинг аҳволини назоратга олинг, қайд дафтарига киритинг.

Пандемия туфайли оғир ижтимоий аҳволга тушган хонадонга бефарқ бўлманг, сектор раҳбарлари билан бирга ёрдам беринг.

Бугунги кунда ўтказилаётган тўй тантана ва маъракалар тўлиқ назоратингизда бўлсин.

Иштирокчиларни сони 30 кишидан ошмаслигини таъминланг.

Маҳаллангиздаги ҳар бир фуқарога, айниқса ёшларга тушунтиринг “Карантин юмшатилгани коронавирус хавфи тугади” дегани эмас.

Қадрли депутатлар:

Бугунги кунда эҳтиёжманд оилаларга ажратилаётган моддий ёрдамларнинг адолатли тайинлаши ва тўлиқ етказилишида жамоатчилик фаоллигини оширинг.

Ўзингиз сайланган сайловчиларга кўрсатилаётган тиббий хизмат айниқса бирламчи тиббий хизмат сифати билан қизиқинг.

Тиббиёт ходимларига шу оғир дамларда муносиб меҳнат шароитлари яратилишига, дорихоналарда дорилар савдо нуқталарида озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиб кетишига йўл қўйманг.

Ибн Сино бобомиз таъбирлари билан айтганда “Табиатнинг энг буюк асари соғлом инсондир”. Ўзингизни эҳтиёт қилинг, қадрдонлар!

Биз биргамиз! Бирга енгамиз!

Муҳтарам Президентимиз таъбирлари билан айтганда Биз бу синовлардан албатта кучли ва бақувват бўлиб чиқамиз.

19-08-2020 |
Фото галерея