Қарши шаҳридаги А.Навоий номли истироҳат боғида бугун, эрта тонгдан карантин тадбирлари сабаб тўхтаб қолган вилоят ҳокимининг навбатдаги сайёр қабули бошланди.

- Воҳа аҳлига ҳам, тадбиркорларга ҳам ҳар қандай қонун доирасидаги ёрдамни беришга тайёрман, - деди вилоят раҳбари. - Ёдингизда бўлса, қиш ойларида тоғли қишлоқларда тунаб қолиб, тоғликлар дардини тинглаган эдик ва бу ҳаракатларимиз натижа бермай қолмади. Тиббий хизмат, таълим-тарбия ва йўл масалалари босқичма-босқич ҳал этила бошлади.

Сайёр қабул жараёнида фуқаролар ва тадбиркорлардан 48 та муаммоли масалалар бўйича мурожаатлар қабул қилинди. Уларнинг 32 таси Қарши шаҳар ҳудудида яшовчи фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг мурожаатларини ташкил этади. Шунингдек, сайёр қабулда Қарши, Косон ва Нишон туманларидан келган фуқароларнинг мурожаатлари ҳам кўриб чиқилди.

Мурожаатларнинг 12 таси жойида ечимини топди, қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар бўйича мутасадди идора ва ташкилотлар вакилларига топшириқлар берилди.

21-09-2020 |
Фото галерея