Пандемия даврида иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш ва барқарорлигини сақлаб қолиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан тадбиркорларга кўплаб имтиёзлар ҳамда преференциялар тақдим этилмоқда. Биргина Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ташқи иқтисодий фаолият субъектлари томонидан амалга оширилган импорт учун божхона тўловлари бўйича 795 миллиард 585 миллион сўм миқдорида божхона имтиёзлари қўлланилди.

Маълумки, бугунги кунда Қашқадарё вилоятида йирик саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият юритмоқда. Ушбу корхоналар нафақат вилоятимиз, қолаверса, мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини янада оширишга ўз ҳиссаларини қўшмоқда.

Мисол учун, “Чироқчи истиқлол паррандачилик” масъулияти чекланган жамияти Қарши шаҳрида ўз фаолиятини янада кенгайтиришни мақсад қилиб, Туркия давлатидан буғдойни қайта ишлашга мўлжалланган қиймати 1 миллион 11 минг АҚШ доллар бўлган жиҳозларни импорт асосида олиб келди.

- Корхонамиз 2012 йилдан фаолият юритиб келмоқда дейди, - жамият масъул ходими Рўзибоев Холмахмат.  – Олиб келинган янги ускуна соатига 250 тонна жаҳон стандартларига жавоб берадиган сифатли ун маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Самараси шундаки, барча жараён автоматлаштирилган тартибда амалга оширилади. Бу эса, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга ҳамда маҳсулотларни ташқи бозорларга сотишга имконият яратади. Корхона ишга туширилиши натижасида 200 та янги ишчи ўрни яратилиши кутилмоқда.

Дарҳақиқат, бу борада тадбиркорга божхона бошқармаси масъул ходимлари яқиндан амалий ёрдам кўрсатмоқда. Олиб келинган технологик жиҳозлар тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказилиб, тадбиркорга қиймати 1 миллиард 546 миллион сўмлик божхона тўловларидан имтиёз қўлланилди.

Вилоят божхона бошқармаси масъул ходимлари томонидан карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда мунтазам равишда тадбиркорлик субъектларига ташриф буюриб муаммо ва таклифлар ўрганилмоқда, шунингдек божхона соҳасида янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

 

Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати

03-10-2020 |
Фото галерея