Воҳамиз аҳолиси диққатига!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4887-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимиз, хусусан вилоятимизда аҳолини тиббий хатлов ва антропометриядан ўтказиш тадбирлари бошланмоқда.

Мазкур тадбирларни ташкил этишга вилоятимизда 1531 та тиббий бригада,1088 нафар врач, 6295 нафар ўрта тиббиёт ходими, шунингдек, воҳамизда доимий рўйхатда турадиган,  тиббиёт йўналишларидаги олий ўқув юртларида бакалавриатнинг 5- ва 6-босқичлари,  магистратуранинг 1-, 2- ва 3-босқичлари,  клиник ординатура (резидентура)нинг 1- ва 2-босқич талабаларидан 766 нафари  жалб этилмоқда.

Қадрли воҳадошлар!

Тиббий хатлов ва антропометрия (тана вазни, тана вазни индекси, бўй, бел айланаси, (болалар учун бош ва кўкрак айланаси), артериал қон босими, пульс, сатурация  ўлчовини олиш) давлатимиз томонидан айнан Сизларнинг саломатлигингиз учун, соғлом овқатланишингиз, жисмоний фаол бўлишингиз учун, асло дорига қарам бўлмаслигингиз учун амалга оширилаётган тадбир ҳисобланади.

Барча маълумотлар тегишли жадвалга мувофиқ йиғилади ва электрон базага киритилади. Махсус электрон дастур асосида умумлаштирилади, улар асосида хонадоннинг электрон “Тиббий картаси”,  маҳалла ва туманнинг “Саломатлик профили” шакллантирилади.

Хатлов жараёнида тиббиёт ходимлари ва талабалар томонидан соғлом турмуш тарзига оид суҳбатлар ташкил этилади.

Ҳурматли фуқаролар!

Хонадонма-хонадон юрилган тарзда ташкил этилаётган бу тадбирлар Сизнинг ортиқча вақтингизни олмайди, ноқулайлик келтирмайди ва мутлақо бепулдир. Шахсий маълумотларингизнинг қонуний дахлсизлигини таъминлаш кафолатланади.

Шунча қулайликлар яратиб қўйилган бир пайтда Сизлардан мазкур тадбирларда фаол иштирок этишингизни сўраймиз. Саломатлигингизга доир тегишли кўрсаткичлар тиббий хатловда аниқ акс этиши учун ўзингиз ҳам астойдил жон куйдиринг!

Азизлар!

Ўз саломатлигингизни ва тиббиёт ходимлари меҳнатини қадрланг!

Фаол бўлинг!

Унутманг, тиббий хатлов ва антропометрия тадбирлари - Сизнинг соғлом келажагингиз учун беқиёс ғамхўрлик демак! 

 

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.

 

 

24-11-2020 |
Фото галерея