Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  2020 йил 20 февралдаги “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги 104-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорнинг асосий мақсади тарихий-шаҳарсозлик муҳити ва туман (шаҳар)ларнинг мавжуд бинолари меъморий қиёфасини сақлаб қолиш, реклама конструкцияларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишни тартибга солишни назорат қилиш, ташқи реклама соҳасининг барча иштирокчилари учун тенг ҳуқуқларни таъминлайдиган тамойиллар ва шартларни шакллантиришдан иборат.

Ҳозирги кунда Қашқадарё вилоят Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаси томонидан ушбу қарорнинг тегишли бандларини ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Бошқарма томонидан Солиқ бошқармаси, вилоят Статистика бошқармаси ва вилоят Давлат хизматлари марказидан олинган маълумотлар асосида вилоят ҳудудида давлат рўйхатдан ўтган реклама фаолияти билан шуғулланувчи субъектларининг рўйхати шакллантирилди.

Вилоят Тасвирий ойна ИУ томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра 2019 йилдаги рўйхатда вилоят ҳудудида жами 201 та ташқи реклама конструкциялари мавжудлиги кўрсатилган.

Бошқарма томонидан вилоятнинг барча туман (шаҳар)ларида жойлаштирилган ташқи реклама объектларини бирламчи хатловдан ўтказилди. Ушбу хатлов натижасида вилоят ҳудудида жами 515 та ҳар хил турдаги реклама объектлари борлиги аниқланди.

Шундан:

- 21 таси эгалик ҳужжати мавжуд, қарор талабларига мос келадиган объектлар;

- 193 таси эгалик ҳуқуқи мавжуд лекин, қарор талабларига мос келмайдиган объектлар;

- 301 таси бўйича туман (шаҳар)лар ҳокимликлари томонидан аниқ маълумотлар тақдим этилмаганлиги ва баъзи бир ташқи реклама объектлари эгаларининг маълумотларни тақдим этишдан бош тортганлиги сабабли реклама объектларининг эгасиз деб топилди ва реклама объектлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш орқага сурилиб бормоқда.    

Тезкор аниқланган маълумотларга кўра, вилоятда 408 та бильбордлар, 16 та ситибордлар,  11 та LED мониторлар, 5 та призматронлар ва 72 та бошқа турдаги реклама конструкциялари ва ҳарфли логитиплар мавжудлиги аниқланди. Шундан атиги 21 таси қарор талабларига мос келади холос.    

Бошқарма томонидан туман (шаҳар)лар ҳокимликлари билан ҳамкорликда ҳар бир туман (шаҳар) бўйича махсус ишчи гуруҳлар тузган ҳолда, барча турдаги ташқи реклама объектларини ушбу қарор талабларига мувофиқлиги юзасидан тўлиқ хатловдан ўтказиш ва хатлов натижалари бўйича жойлаштирилган ташқи реклама объектларининг ушбу қарор талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулосалар бериш ишлари давом эттирилмоқда.

Бошқарма ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан ташқи реклама объектлари эгаларига ушбу қарор талабларига жавоб бермайдиган ҳолатларни бартараф этиш тўғрисида кўрсатма ва белгиланган талабларга мослаштирилмаган реклама объектлари (конструкциялари) уларнинг эгалари томонидан ихтиёрий равишда ўз кучи билан олиб ташланиши (демонтаж қилинади) ҳамда ер майдони тартибга келтирилиши, акс ҳолда қурилмалар суд тартибида тегишли ҳокимлик томонидан демонтаж қилиниши ва барча харажатлар реклама объектлари (конструкциялари) эгаларидан ундирилиши ҳақида огохлантириш хатлари, шунингдек вилоят ҳамда шаҳар телерадиоканаллари орқали эълонлар бериб борилмоқда.

Ташқи реклама объектларини хатловдан ўтказиш жараёнида реклама берувчилар томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонуни талаблари бузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди. Жумладан:

Қарши-Бешкент йўли ёқасида жойлашган “Жавлонбек Ботирбек” оилавий корхонасига қарашли умумий овқатланиш биносининг олдида ҳамда (собиқ) чойхонаси ҳозирда Қарши тумани “Тоза ҳудуд”ДУК ижара асосида фаолият кўрсатаётган автогараж биносининг рўпарасида пиво маҳсулотининг  рекламаси жойлаштирилганлиги аниқланди.

Қарши шаҳри “Насаф” кўчасида жойлашган “Невтарнадо” оилавий корхонасига тегишли ва А.Темур кўчасида жойлашган “Табака Ҳамкор” хусусий корхонасига тегишли реклама баннерларида “пиво” маҳсулотининг фотосурати жойлаштирилгани аниқланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан, тадбиркорлик субъектларига Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонун талаблари тушунтирилди ва шу жойнинг ўзида аниқланган камчиликлар бартараф этилиб реклама лавҳалари олиб ташланди.

Туман (шаҳар)лар ҳокимликлари билан ҳамкорликда ташқи реклама бозорини тартибга солиш, ташқи реклама конструкцияларидан самарали фойдаланиш  ва реклама конструкцияларини сонини кўпайтириш  бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Шерзод Кенжаев

Вилоят Монополияга қарши курашиш

бошқармаси, Реклама фаолиятини

тартибга солиш бўлими бошлиғи

18-06-2020 |
Фото галерея