Россия Федерациясида нашр этиладиган “Молодой учёный” халқаро илмий журналининг 302-сонида Роҳат Раҳмонованинг “Гендер тенглигининг конституциявий механизми” ("Constitutional mechanism of gender equality") номли мақоласи эълон қилинди. Таъкидлаш керакки, мазкур журнал рус, инглиз, немис, француз тилларида чоп этилади ва у унда долзарб мавзуларда илмий изланишлар олиб бораётган ёш олимларнинг кузатувлари, тадқиқотлар чоп этилади.

Мақолада ёш тадқиқотчи илмий нуқтаи назардан гендер тенглик масаласига эътибор қаратар экан, жамиятда хотин қизлар фаоллигини оширишнинг афзаллигини ёритади. Бу борада аёлларни қўллаб-қувватлаш, зарур имконият ва шарт шароит яратишнинг аҳамиятини таққослаш орқали таҳлил қилади. Гендер тенгликнинг ижтимоий жиҳати – бу жамиятнинг барча жабҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, мафкура ва маданият, таълим ва фан соҳаларида намоён бўладиган аёллар ва эркаклар ўртасидаги муносабатдир – дейилади мақолада.

  • Хотин қизлар учун муносиб турмуш шароити яратиб беришга, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга юртимизда йил сайин алоҳида эътибор қаратиляпти. Айниқса, раҳбарлик лавозимларида аёлларнинг иш юритиши улар учун имкониятлар эшигини очади, яъни аёл қайси ишдан ишламасин, қай бир муаммога ечим изламасин аввало она, сингил, опа бўлиб ёндошади. То масалага ечим топмагунга қадар тинчимайди. Ҳаётда бу кўп бора исботланган. Қашқадарё вилоят ҳокимлигида ҳам бугун хотин-қизларни муносиб иш ўринлари билан таъминлашга аҳамият берилмоқда. 2020 йилнинг ўзида 6 нафар хотин қиз, яъни турли соҳаларда фаол иш юритаётган, интилувчан, муҳими талабчан аёллар вилоят ҳокимлигида турли лавозимларда иш бошлади. Бу ишонч, рағбат албатта. Муҳими уларнинг қобилиятларини шакллантириш учун барча имкониятлар яратилаётгани фикрим тасдиғи бўлади – дейди Роҳат Раҳмонова биз билан суҳбатда.

Айтиш керак, муаллиф томонидан мамлакатимизда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг миллий механизмини ишлаб чиқиш учун амалдаги қонунчиликни ўрганиш, аёллар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича халқаро ва Ўзбекистон қонунларига риоя этилишини мониторинг механизмини таҳлил қилиш таклифи илгари сурилади.  Айни кунда вилоят ҳокимлиги ташкилий назорат гуруҳи 1-тоифали мутахассиси бўлган Роҳат Раҳмонова, Қарши Давлат Университети сиртқи бўлим талабаси ҳамдир. 2017 йилда давлатимизнинг юксак мукофоти “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

Мазкур хабар матбуотда чоп этилиши арафасида ёш тадқиқотчи яна бир даракни, яъни  яна иккита илмий мақоласи Англия ва Германия журналларида чоп этилганини  суюнчилади. “Ҳозирги жамиятда ёшлар маданияти” ("Youth culture in a modern society”, Англия), “Ўзбекистонда ёшларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти” ("Political and legal culture of the youth in Uzbekistan”, Германия) номли мақолаларда мамлакатимиз ёшлари учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар ва улардан унумли фойдаланишнинг юртимиз тараққиёти учун аҳамияти ҳақида сўз юритилади.

  • Бу воҳамизнинг кўзлари чақноқ, юраги уйғоқ ёшлари учун “Ёшлар куни” олдидан менинг туҳфамдир, - дейди илмий ходима мамнуният билан.

Ҳа, Роҳат Раҳмонова  изланишда. Замонавий жамиятда аёллар ва ёшларнинг мавқеини янада юксалтириш, бу эса тараққиётнинг мезони бўлиши борасида тадқиқотларини давом эттирмоқда. Дилга юксак мақсадларни тугиб келажак сари дадил одимлаяпти. Бунинг барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилгани уни ҳамиша мамнун этади.

Зиёда Аминова

25-06-2020 |
Фото галерея