Қашқадарё ўзининг ер ости ва ер усти табиий ресурсларига бой бўлган географик ҳудудда жойлашган вилоят ҳисобланиб, ҳудудда қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш, аҳолини сифатли қурилиш молларига бўлган талабини қондириш учун етарлича манбалар мавжуд.

Вилоятнинг худди шундай масканларидан бири бу Китоб тумани бўлиб, ҳудуднинг қарийб 60 фоиз майдони табиий жиҳатдан азим тоғлар билан эгалланган водий саналади ва 180 миллион тонна охактош захираси ҳамда бошқа хом ашё материаллар захиралари мавжудлиги аниқланган.

Шундай табиий ресурслардан самарали фойдаланиш мақсадида инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, янги қувватлар ишга туширилмоқда.

Жумладан, туманинг "Наврўз" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 150 млн АҚШ доллари миқдорида Хитойнинг "CONCH INTERNATIONAL HOLDINGS" томонидан тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилиши натижасида 2019 йилнинг октябрь ойида тамал тоши қўйилган “QARSHI CONCH CEMENT” заводининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.

Вилоят иқтисодиётига сезиларли даражада ҳисса қўшадиган мазкур заводнинг очилиш қисмида вилоят ҳокими Муротжон Азимов, завод бош директори Зоу Деганг, масъул раҳбарлар, вилоятнинг фахрий нуронийлари ва завод ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Ушбу йирик “QARSHI CONCH CEMENT” заводи кунига 3200 тонна, йиллига эса 1,2 млн. тонна М-400, М-500 ва М-600 маркали цемент ишлаб чиқариш қувватига эга ҳисобланиб, умумий майдони 62 гектарни ташкил этади.

Энг муҳим жиҳатларидан яна бири эса 400 та янги иш ўринлари яратилган бўлиб, ўртача иш ҳаққи 3,5 млн. сўмни ташкил этади. Шунингдек, корхона фаолияти вилоятнинг экспорт салоҳиятига ҳам сезиларли таъсирини кўрсатиб, Қозоғистон, Қирғизистон, Авғонистон, қолаверса Хитой давлатларига йилига ўртача 12,0 миллион доллар миқдорида цемент экспорти йўлга қўйилади.

19-05-2022 |
Фото галерея