Азиз Қашқадарёликлар!

 

Барчангизни  Қашқадарё вилояти ташкил топган кун билан самимий табриклайман. Бундан 96 йил муқаддам, яъни 1924 йилнинг 1 ноябрида Қашқадарё алоҳида маъмурий бирлик сифатида, Республика вилоятлари сафидан жой олган.

Марказий Осиёнинг энг қадимий маданият бешикларидан бири бўлган Қашқадарё замини - азал-азалдан олиму фузалолар, алломаю донишмандлар, саркардаю беклар ватани бўлиб келган. Нахшаб-Ерқўрғон мажмуасидан қазиб олинган сопол буюмлар, осори атиқалар -  тарих зарварақларининг милоддан олдинги IX-VIII асрлардан то милоднинг VIII-IX асрларига қадар бўлган даврни кўз ўнгимизда воқе қилади.

Насафий ва Кеший тахаллуслари билан ижод қилган муҳаддислар миллат маданияти ва маънавиятини юксалтиришга беҳисоб ҳисса қўшган. Улуғ саркарда, соҳибқирон Амир Темур ҳам шу табаррук бешикда улғайган. Давлатимиз раҳбари таъкидлагани каби “Бу воҳада қадимда Нахшаб, Насаф, Кеш деган буюк шаҳарлар бўлгани, шундай тахаллуслар билан диний ва дунёвий илм-фан ривожига улкан ҳисса қўшган алломаларимиз, азиз авлиёларимиз ҳақида соатлаб гапириш мумкин”. Уларга мурожаат этганимиз сайин ота-боболар меросига ҳурматимиз ошади, яратувчан халққа нисбатан меҳримиз юксалади ва келажак сари дадил қадамлар билан бориш ҳисси ортиб бораверади.

Ҳа, табаррук ва муқаддас бу гўшада меҳнаткаш, матонатли, танти, муҳими машаққатлардан чўчимай мақсад сари дадил интиладиган одамлар яшайди. Кундан-кунга чирой очиб, тобора кўркам бўлиб бораётган шаҳару қишлоқлар кўркига замонавий уй-жой комплекслари, мактаблар, академик лицейлар, мусиқа ва санъат кошоналари кўрк бўлиб тушиб, аҳоли фаровонлиги, обод турмуш учун хизмат қилмоқда. Интилишлари юксак ўғил-қизлар хориж олий ўқув юртларида таҳсил олишяпти. Воҳа спортчилари юрт довруғини дунёга ёймоқда. Бу каби залворли ютуқлар замирида – жонкуяр,  фидоий, азму шижоатли, тадбиркорлиги, ҳунармандчилиги ортидан ҳаловат топиб яшаб келаётган забардаст халқ борлигини алоҳида айтиш керак.

Қашқадарёнинг табиати ўзига хос. Деярлик,  ўн икки ой офтоб пешонасида бўлади. Бир вақтнинг ўзида тўрт фаслни кўра оласиз. Бу каби тўкислик одамларнинг ҳаётига, фазилатларига, қарашларига ўзининг таъсирини кўрсатади. Ризқ насибам қўшилиб, бугун юзи қуёшдек тафтли воҳа одамлари билан бақамти ишламоқдаман. Қашқадарёда қуёш қалбли, меҳри иссиқ инсонлар яшайди, - дегим келади.  Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга нисбатан дахлдорлик сезиб, бир-биримизни қўллаб, ҳамжиҳатликда – юрт равнақига ҳисса қўшаётганимиздан мамнунман.

Вилоятнинг ташкил топган куни, байрам муборак! Барчага сиҳат саломатлик, хонадонларга файз тилайман. Фарзандлар бахту  камолини кўриш, муҳими меҳнатдан роҳат топиш яшаш ҳамиша  насиб этсин.

Зойир Мирзаев, Қашқадарё вилояти ҳокими.                                                     

01-11-2020 |
Фото галерея