Халқ банки бунинг учун катта сармоя тиккан.

Лалми ерда мўл ҳосил етиштиришнинг турган-биртгани — таваккалчилик! Қолаверса, янтоқдан бўлак гиёҳ кўкармайдиган яйдоқ далалардан катта даромад олиш мумкин, деса, биров ишонмайди ҳам.

Тўғри-да, экин эксанг-у, бир томчи сув тушармикан, деб осмонга кўз тикиб яшасанг, ҳосил тақдирини қору ёмғирга боғлаб, акси бўлса, қилган харажатингга куйиб қолаверсанг... Бундай шароитда ким ҳам тадбирикорлик қилиб, ерга сармоя киритсин?!

Аммо, бу бирмунча эски гаплар. Инновациялар асрида тап-тақир чўлда ҳам гулзорлар яратаётганлар бор, деса, ҳозир кўпам ажабланиб ўтирмаймиз.

Мана, Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида ҳам бунинг уддасидан чиқаётганлар бор. Ютуқларнинг асл сабаби ушбу юмушга маҳаллий ҳокимликнинг ўзи бош-қош бўлаётганида! Қолаверса, лойиҳалардан кутилаётган натижалар каттаки, бунга Халқ банки сармоя тикишга иккиланиб ўтиргани йўқ. Аксинча, миллиардлаб сўм, миллионлар доллар маблағларини ажратяпти.

Ҳатто ҳозиргачаям, узумнинг зўри қаерда, дейишса, Олтариғу Паркентни, мазаси тилни ёрар майизлар ҳақида сўз кетса, Учқораю Қўшработ каби машҳур манзилларни эслаймиз. Аммо вақти келиб Қамаши деган туманда, лалми шароитда асл узумлар етиштирилиши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган бўлса керак.

Энди гапни кўпам чўзмай, бевосита бийдай далаларда рўёбга чиқарилаётган истиқболли лойиҳаларга тўхталайлик.

Шулардан бири Қамаши туманининг “Оқработ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида амалга оширилаяпти. Лойиҳа ташаббускори — маҳаллий тадбиркорлик субъекти бўлган “Оқработ токзори” ишлаб чиқариш корхонаси.

Катта ишлар, аввало, кичик тажрибалардан бошланишини биламиз. Аммо бу ташаббус шунчаки тажриба эмас. Пухта ўйланган бизнес лойиҳа. Буни ажратилган ер майдони кўлами ҳам тасдиқлайди — 190 гектар! Бу ерда интенсив усулда токзорлар яратиляпти. Томчилитиб суғориш технологиялари Туркия давлатидан келтириляпти. Халқ банкнинг Қамаши тумани филиали бунинг учун жами 6.8 миллиард сўм кредит маблағи ажратди. Шундан асосий қисми, яъни 4,5 миллиард сўми технологиялар харидига йўналтирилса, 500 миллион сўми узум кўчатлари сотиб олишга сарфланади.  Зарур техникалар сотиб олиш учун эса 1,1 миллиард сўм йўналтирилади. Натижада ҳудудда интенсив боғдорчилик йўналиши ривожланиши ҳамда йилига 5700 тонна узум етиштирилиши баробарида, 192 кишининг иш билан бандлиги ҳам таъминланади.

Соғлом рақобат — ривожланиш омили. Бу йўналишдаги фаолият Қамаши  туманининг “Оқработ” маҳалла фуқаролар йиғинида ягона эмас. Масалан, “Erkin Boboqulov” ишлаб чиқариш корхонаси томонидан амалга оширилаётган навбатдаги лойиҳани олайлик. 80 гектар майдонда интенсив боғ яратишга доир мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 3,6 миллиард сўмга тенг бўлиб, шундан 2,8 миллиард сўми Халқ банки Қамаши филиали томонидан молиялаштирилмоқда. Ушбу манзилдаги яна бир токзорни “Mo’jizaviy uzumzor” корхонаси яратяпти. У ҳам 80 гектар ер майдонини қамраб олган бўлиб, Халқ банкнинг жами 2,8 миллиард сўмлик кредит маблағи кўмагида рўёбга чиқарилади. Пировардида йилига 2400 тонна узум ҳосили етишитирилиб, маҳаллий аҳоли вакилларидан 129 нафари доимий даромад манбаига эга бўлади.

“Akbarjon uzumchilik” ишлаб чиқариш корхонаси ҳам узоқни кўра биладиган тадбиркорлар сирасидан. У ҳам келгусида “Оқработ узумлари” номи билан машҳур бўлиши кутилаётган неъматларда ҳиссаси борлигидан фахрланиб юришни истайди. Шу мақсадда сал кичикроқ — 50 гектар ерда томчилатиб суғориш усулида ток кўчатларини экяпти. Сафдошларидан ўрнак олиб, интенсив технологияларнинг афзали деб Туркияникини танлади. Бундоқ ҳисоблаб кўрса, лойиҳани тўлиқ ишга тушириш учун ҳаммаси бўлиб 2,3 миллиард сўм зарур бўларкан. Ўзида 540 сўм бор. Қолган 1,8 миллиард сўмни қаердан олса бўлади? Айни шу масала ечимида унга Халқ банкнинг Қамаши тумани елкадош бўлди. Зарур маблағнинг барчасини кредит сифатида ажратди. Бунинг самараси яқин келажакда бўй кўрсатади. Йилига 1500 тонна ширин-шакар узумлар эл дастурхонига тортиқ этилади. Қолаверса, тадбиркорлик субъектида янгидан иш бошлайдиган 92 нафар ишчи-мутахассиснинг рўзғорига барака киради.

Худди шундай кўрсаткичларга эга эзгу ташаббус эгаларидан яна бири “Abdulaziz Mardonovich lalmisi” корхонасидир. У ҳам 50 гектар майдонга экиладиган интенсив узумзоридан 1,5 тонна ҳосил олиб, маҳаллий аҳоли вакилларидан қарийб 100 нафарини иш билан таъминламоқчи. Бу орқали Халқ банки Қамаши тумани филиалидан ажратилган 1,8 миллиард сўм миқдоридаги кредитни ойма-ой, белгиланган муддатларда узишга эришишни мақсад қилган. Қолган даромад корхона фаолиятини янада кенгайтириш ва ишчилар даромадларини босқичма-босқич ошириб боришга йўналтирилади.

— Хуллас, туманимизда катта ишлар бошланган, — дейди Халқ банкининг Қашқадарё вилояти Қамаши тумани филиали бошқарувчиси Зафар Саидов.  — Самарадорлиги кам лалми майдонлар ўрнида йил охиригача катта-катта боғу роғлар пайдо бўлиб, туманимизнинг нафақат аграр соҳадаги, балки саноатдаги улуши ҳам юксалишига шубҳа йўқ. Чунки томчилатиб суғориш усулига асосланган бу узумзорлар келгусида ҳосилга киргач, ҳудудда уларни қайта ишлаш тармоқлари кўпайтиришга зарурарат туғилади. Бу эса янги-янги корхонаю заводлар пайдо бўлиб, аҳоли турмуш фаровонлиги янада ошади, деганидир. Шу маънода, ана шу эзгу ишларга банкимиз кредитлари орқали муносиб ҳисса қўшаётганимиздан мамнунмиз. Бу боғларнинг ҳосилга кириши хайрли ишларимиз меваси бўлади.

Халқ банки Ахборот хизмати

29-03-2021 |
Фото галерея