Она тилининг софлигини сақлаш, уни асраб авайлаш ҳамда равнақини таъминлашда, шубҳасиз таълим тарбия ишлариниг ўрни беқиёсдир. Коронавирус пандемияси даврида карантинда уйда бўлган фарзандларнинг саводхонлигини синовдан ўтказиш, она тилига бўлган ҳурмат ҳиссини ошириш ҳамда уларнинг ижодкорлик қобилиятини рағбатлантириш мақсадида – вилоят ҳокимлиги, вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида 9-10-11 синф ўқувчилар ўртасида, жорий йилнинг 1 апрелидан  – “Она тилим-ғурурим” онлайн иншолар танлови эълон қилинди. Ўн кун давомида вилоят халқ таълими бошқармасининг  https://t.me/ona_tilimtanlovi каналига жами 1376 нафар ўқувчининг иншоси онлайн қабул қилинди. Ташкилий қўмита аъзолари - она тили ва адабиёти фани ўқитувчилари, услубчилар тавсиясига кўра 45 та иншо вилоят босқичига қабул қилинди ва улар 3 гуруҳга бўлинган ҳакамлар ҳайъати томонидан онлайн уйда ўтирган ҳолда сараланди. Якуний хулосага кўра  З.Олмуродова, Ф.Қўзиева, М.Бозорова, С.Эшмуродова, М.Маҳмудова, С.Баҳромова каби иқтидор эгалари томонидан ёзилган иншолар эътироф этилди. Ижодий ишлар 1,2,3 ўрин ва турли рағбатлантирувчи номинациялар билан тақдирланди.

- Ўқувчининг саводхонлиги, унинг она тилига бўлган эътибори бу албатта билим, тафаккурни юксалтиришнинг бош омили ҳисобланади. Танлов ғолиблари бугун эътироф этилди, уларни совғалар ҳам кутмоқда. Биз уларни албатта эгаларига етказамиз. Мақсад,ўқувчи ёшларни рағбатлантириш, уларни она тилига бўлган меҳрини ошириш ва карантин кунларини мазмунли ўтишига ҳисса қўшишдан иборат. Айни шу кунларда вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси билан ҳамкорликда яна бир “Биргаликда ўқиймиз” танлови эълон қилинди, бунда етти ёшдан, етмиш ёшгача бўлган китобсеварлар иштирок этишлари мумкин – дейди танлов ташкилотчиларидан бири, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи А.Ҳимматов.

Бу каби илм, маърифат, маънавиятни юксалтириш, ўқувчиларни китобхонликка жалб этувчи лойиҳалар давом эттирилмоқда.

Зиёда Аминова

Мақолалар матни вилоят ҳокимининг давлат тили бўйича маслаҳатчиси З.Аминова таҳрир қилган ҳолда эълон қилинмоқда.

21-04-2020 |
Фото галерея