Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташрифи давомида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида бир қатор таклифлар билдирди. Ўз навбатида, Қашқадарё вилояти ҳам Қўнғирот туманида истиқболли лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилган.

Хусусан, 2022 йилда Қўнғирот туманида 234 млрд. сўмлик 17 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 1 088 та иш ўрни яратилади.

Жумладан, саноат йўналишида 149,5 млрд. сўмлик 7 та лойиҳа, хизмат кўрсатиш йўналишида 29,5 млрд. сўмлик 6 та лойиҳа, қишлоқ хўжалиги йўналишида 53 млрд. сўмлик 4 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Натижада, ҳудудда 240 млрд. сўмлик ишлаб чиқариш қуввати яратилади, 16,3 млн. долларлик экспорт амалга оширилади. Маҳаллий бюджетга 15,2 млрд. сўм тушум таъминланади.

Бундан ташқари, маҳаллабай ишлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ҳам амалий ишлар қилинади. Тумандаги ижтимоий кам таъминланган хонадонларни даромад билан таъминлаш мақсадида кооперация асосида 100 та хонадонга тарқатиш учун 10 000 дона товуқ ҳамда 20 та хонадонга тарқатиш учун инкубатор олиб келинди.

“Бешкент Агрокластер” МЧЖ томонидан 500 та аҳоли хонадонидаги 2500 бош соғин сигирлардан олинган сутни кооперация асосида харид қилиш ва қайта ишлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Қурилиш, ободонлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор берилади. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан Қўнғирот тумани Равшан овул фуқаролар йиғини Саранча овулига янги замонавий кўринишдаги 150 ўринли мактабгача таълим муассасаси қуриб берилиши режалаштирилди.

Вилоятдан 2 000 туп мевали ва манзарали дарахт кўчалари олиб келинди ва экиш ишлари давом эттирилмоқда.

Қорақалпоғистон заминида қишлоқ хўжалиги ерларини ўзлаштириш ва мелиорация масалалари ҳам муҳим. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан шартнома асосида “Қўнғирот Махсус Сув Пудрат” МЧЖдан 2 дона экскаватор ижарага олинди ва 30 тонна дизел ёқилғиси ҳал қилиниб, бугунги кунга қадар 12 км коллектор, 4,6 км канал тозаланди. Ҳозирги кунда тозалаш ишлари давом эттирилиб, 24 тонна дизел ёқилғиси захира қилинди.

“Бешкент Агрокластер” МЧЖ томонидан озуқабоп экинлар етиштириш учун 1000 гектар ер майдонини ўзлаштириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, тумандаги 100 нафар урология соҳасидаги беморларнинг ҳолати назоратга олиниб, Қашқадарё вилоятидаги урология маркази мутахассислари томонидан бепул тарзда жарроҳлик амалиёти амалга оширилади.

07-04-2022 |
Фото галерея