Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилиш ижроси Қашқадарёда бошлаб юборилди.

Вилоят ҳокимининг "Вилоятда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги роли ва фаоллигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" қарори билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосарлари ҳокимларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитларига кўра, ҳоким ўринбосари мақомига эга бўлди.

Бугун вилоят ҳокими Зойир Мирзаев иштирокида хизмат автомашиналарини ўз эгаларига тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Туман ва шаҳар ҳокими маслаҳатчиларига "Nexia-3" ва вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Комила Каромовага "Tracker" автомашиналари топширилди.

- Энди яратилган шароитга қараб, Президентимиз таъкидлаганларидек, "Энг чекка қишлоқлардаги хотин-қизларнинг ҳам хонадонларига кириб бориб, уларнинг жамиятдаги роли ошириш, касб-ҳунарли қилиш орқали яшаш шароитларини яхшилаш керак", - деди Зойир Мирзаев. - Маслаҳатчилар учун ҳокимлик биноларида замонавий хизмат хоналари, қўшимча ёрдамчи ходим ва фаолияти учун барча зарурий шарт-шароитлар яратилгани, айниқса, ўринбосар мақомида иш олиб бориши хотин-қизларимиз муаммоларига ўз вақтида ечим топишга замин яратади, деб ўйлайман.

Маълумот ўрнида, вилоят аҳолисини 49,4 фоизи (1630,2 минг нафари)ни аёллар ташкил этади.

Сўнги йилларда жамиятда аёлларни ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, гендер тенглигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2960 нафар аёлларимиз турли соҳаларда раҳбарлик лавозимларида, шундан 4 нафари Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида, 1 нафари Сенатда, 19 нафари Халқ депутатлари вилоят Кенгашига ҳамда 103 нафари туман (шаҳар) Кенгашларида депутат сифатида фаолият олиб бормоқдалар.

12-10-2020 |
Фото галерея