Қадрли ёшлар!

Азиз шогирдлар!

Бугун бутун дунёда кечаётган ташвишли воқеалар ҳаммамизга яхши маълум. COVID-19 – коронавирус номли пандемия бизнинг юртимизга ҳам кириб келиб, катта шижоат билан олиб борилаётган тинч бунёдкорлик ишларимиз маромига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Бутун инсоният учун, жумладан, бизнинг халқимиз учун ҳам сабр, матонат ва бирдамлик синови даври бошланди. Мамлакатимизда бу синов давридан муваффақиятли ўтиб олиш учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан коронавирус келтириб чиқараётган муаммоларни бартараф этиш, бу жараёндан иложи борича кам талофат билан ўтиш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди. Республика Вазирлар маҳкамасининг бир қатор ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, уларнинг ижросини таъминлаш орқали таҳдид солиб турган хавфнинг олдини олиш учун бор имкониятлар ишга солинмоқда. Бош вазир раҳбарлигида республика комиссияси тузилди, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди ҳамда пандемияга қарши курашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш учун жамғармага 10 триллион сўм миқдорида маблағ йўналтирилди. Пандемияга қарши 100 мингдан зиёд тиббиёт ходимлари, шунингдек, ҳокимиятлар, ички ишлар тизими, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари жалб этилди. Бу офатдан халқимизни асраш учун карантин эълон қилинди, барча таълим ва диний муассасалар фаолияти, халқаро ва ички жамоат транспортлари қатнови тўхтатилди, одамлар гавжум бўладиган жойлар ёпилди, “Ижтимоий масофа сақлаш”, “Уйда қолиш” ва “Масофадан ишлаш” амалиётлари жорий этилмоқда. Бинобарин, касалликнинг авж олишига қарши ишлар тизимли, бақарор йўсинда олиб борилмоқда, барча жараёнлар назоратга олинган.

Бундай шароитда ваҳима қилишга ҳеч қандай асос бўлмаса-да, хотиржамлик ва лоқайдликка берилишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Муҳтарам Президентимиз мурожаатида таъкидланганидек, “хавотирга ўрин йўқ, деб хотиржам бўлиш хиёнат ҳисобланади”. Демак, бу жараёнда сиз азиз ёшларимиз зиммасига ҳам бир қатор вазифалар тушадики, буларни асло унутмаслигингиз даркор. Зотан, ҳар бирингиз Ватан ва халқ ҳимояси учун жангоҳдаги аскар каби ҳушёр ва огоҳ бўлмоғингиз шарт! Чунки “дайди ўқ” ва “тентираган вирус” бирдай моҳият касб этади.

Азиз ёшлар! Биз сизнинг қонингизда Алпомиш ор-номуси ва паҳлавонлиги, Фарҳоднинг тоғни кесиб сув чиқарган қудрати, ҳунари ва қатъияти, Жалолиддин Мангубердининг ватанпарварлик йўлидаги букилмас иродаси ва мардлиги, Соҳибқирон бобомиз Амир Темур тадбиркорлиги, шижоати ва ғайрати, Бухорий, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Улуғбек ва Навоий каби аждодлар илму зиёси, маърифати мавжуд эканига ишонамиз. Шундан келиб чиқиб, сизни синовли кунларда ҳукуматимиз белгилаб бераётган йўлдан оғишмай сабот кўрсатишга чақирамиз. Бу йўлда сизга тавсияларимиз қуйидагилардан иборат:

Биринчидан, она Ватанимиз ва муҳтарам Президентимизга садоқатингизни намойиш этиб, коронавирус балосини даф этиш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсати моҳиятини чуқур тушуниб етинг. Бу сиёсат чин инсонпарварлик сиёсати. Вақтинчалик айрим чеклашлар, турмушингизда баъзи камчиликларни келтириб чиқарувчи муаммолар бўлиши мумкин, лекин уларнинг ҳаммаси ўткинчи, халқнинг бардавом фароғати, тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш учун қўлланаётган тадбир эканини сиз нафақат англаб етишингиз, балки бошқаларга ҳам тушунтиришингиз керак. Биз Президентимиз ва ҳукуматимиз атрофига ҳар қачонгидан-да жипсроқ бирлашиб иш кўрсак, кўзланган мақсадга албатта етамиз.

Иккинчидан, сизнинг соғлигингиз юрт бойлигининг муҳим бир қисми эканини унутманг ва шахсий гигиена талабларига қатъий риоя қилинг. Бугун ҳар бир киши ўз соғлигини ўзи ҳимоя қилиши ҳам умумий ишга қўшилаётган ҳиссадир. Сиз карантин даврида ўзингиз ва бошқа оила аъзоларининг ҳам уйда қолишларини таъминлашга ёрдам беринг, яъни уларнинг зерикиб қолмасликлари учун ҳар хил оилавий машғулотлар режаларини ишлаб чиқинг. Бу сизнинг қўлингиздан келишига ишонамиз.

Учинчидан, Ватан равнақи, тараққиёти учун сиз юртимиз келажагини белгиловчи бўлажак малакали мутахассис эканингизни унутманг. Бугунги кунда республика телевидениеси ва ўзингиз таълим олаётган қадрдон университетингиз профессор-ўқитувчилари ижтимоий тармоқлар орқали сиз ўзлаштиришингиз лозим фанлардан дастур асосида маълумотлар ва топшириқлар тизимини етказиб беришга ҳаракат қилмоқда. Давлат стипендиянгизни ўз вақтида тўлиқ бериб борилишини таъминламоқда. Сиз уйда ўтириб берилаётган маълумотларни ўзлаштириш ва олган билимингиз бўйича якуний назоратлар топшириб, баҳо олиш имкониятига эга бўлмоқдасиз. Бу имкониятлардан тўлиқроқ фойдаланишга эришинг.

Шу ўринда сизга бир воқеани эслатишни лозим топамиз. 1665-1666 йилларда Лондонда ўлат тарқайди. Одамлар орасида оммавий касалланиш бошланади, у тарихга “Лондондаги Буюк ўлат” номи билан кирган. Буюк ўлат даврида Лондон аҳолисининг чорак қисми ўлатдан қирилиб кетган. Ўшанда Исаак Ньютон Кембрижнинг Тринитий коллежида 22 ёшли оддий талаба эди. Ўша пайтда ҳам ҳукумат эпидемия тарқалишининг олдини олиш учун одамларнинг оммавий йиғилишини чеклаган. Кембриж университети ҳам талабаларни уйига жўнатган ва талабалар уйида мустақил ўқишни давом эттирган эди. Ньютон бир йил мобайнида карантин туфайли уйида қолиб ўқиш, ўрганиш асосида машҳур математик анализ, оптика тўғрисидаги ва бутун олам тортишиш кучига доир назарияларини яратган ва у йил олимлар томонидан “мўъжизалар йили” дея тан олинган.

Талабаларимиз орасидаги бир неча иқтидорлилар ва ижодкорлар бор. Улар ҳам вақтни зое ўтказмайдилар, деб умид қиламиз.

Тўртинчидан, имкониятдан фойдаланиб бадиий китобларни кўпроқ ўқиш орқали ҳам маънавий оламингизни бойитишга, ҳам ижодий тафаккурингизни юксалтиришга эришинг. Чунки ҳар қандай соҳада комилликнинг даражасини ижодий тафаккур даражаси белгилайди. Ижодий тафаккур эса фақат китобхонлик билан ҳосил қилинади.

Бешинчидан, сиз ёшлар катта ёшлиларга қараганда ижтимоий тармоқлардаги ахборотлар билан кўпроқ танишасиз. Афсуски, аксар ҳолда ёшлар шов-шувли хабарларнинг ҳақиқатини ўйлаб ўтирмай, билиб-билмай тарғиб қилинишига қўшилиб кетадилар. Информациялар аниқлиги, ахборот гигиенаси муаммоси ҳам бугун долзарбдир. Сиз эса ўз маънавий билимларингиз асосида коронавирус билан боғлиқ ваҳима қўзғовчи ахборотларнинг тарқалиб кетишига қарши курашинг. Сиз бунга қодирсиз.

Азиз ёшлар! Сиз бизнинг фарзандларимизсиз. Ҳар қандай ота-она фарзанлари учун порлоқ келажак ва нурли истиқбол тилайди. Шундай экан, биз ҳам сизга худди шундай тилакдамиз. Ишонинг, эртанги кунимиз, албатта нурафшон бўлади! Она заминимиз бошига соя солиб турган ҳозирги бало-офатлар тумани албатта бартараф қилинади. Ёруғ юз билан таълим даргоҳларимизда ўз фаолиятимизни давом эттирамиз. Улуғ орзу-мақсадларимизга албатта етамиз. Сиз эса бу йўлда толмас курашчилар бўлиб матонат кўрсатган ёшлар сифатида қадр топасиз!

 

Б.А.Шоимқулов

01-04-2020 |
Фото галерея