Айни пайтдаги маълумотларга кўра, Қашқадарё вилояти аҳолисининг ярмидан кўпи тиббий хатлов ва антропометриядан ўтказиб бўлинган.

— Вилоят бўйича мавжуд 3 314 612 нафар аҳолининг 1 678 000 дан ортиғи тиббий хатлов билан қамраб олинди, — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Равшан Тўлаков. — Бу дегани тиббий бригадаларимиз вакиллари мавжуд 624 339 хонадоннинг 321 265 тасида (51,5 фоиз) бўлиб, тиббий хатлов талабларини бажаришди. Хусусан, вилоятнинг Миришкор туманида 68,4, Касби туманида 59,2, Косон туманида 56,6 фоиз аҳоли ўртасида мазкур тадбир самарали ўтказиб бўлинди. Галдаги мақсадимиз, тиббий хатловни узоғи билан 10 кун ичида якунлаб, тегишли маълумотларни электрон базага киритиб, ҳудудларнинг “Саломатлик профиллари”ни яратишдир.

Албатта, хатловга доир барча маълумотларнинг реал бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.  Жараён асносида соғлом турмуш тарзига оид таъсирчан ва самарали мулоқотлар ҳам ташкил этилмоқда.

Оммавий ахборот воситалари орқали мазкур жараённинг аҳамиятини тушунтиришга доир тарғибот кучайтирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, вилоятда жами 1535 та тиббий бригада таркибида 1088 нафар врач, 6295 нафар ўрта тиббиёт ходими, шунингдек, воҳамизда рўйхатда турадиган, тиббиёт олий ўқув юртларининг юқори босқичларида таҳсил олаётган талабалар, клиник ординаторлар (амалиёт тарзида), уларнинг 120 дан ортиқ мураббийлари тиббий хатловда иштирок этишмоқда. Шунингдек, вилоят марказидаги тиббиёт марказларидан қўшимча бригадалар ҳам шакллантирилган.

Тиббий бригадалар хатлов учун зарур тарози, ўлчов лентаси, пульсоксиметр, тонометр сингари асбоб-ускуналар билан тўлиқ таъминланган. 

 

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш
бошқармаси ахборот хизмати.

11-12-2020 |
Фото галерея