Қашқадарё вилоятининг 771 маҳалласига малакали банк ходимлари бириктирилиб, “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилди.

Вилоятнинг барча ҳудудларида бўлгани каби янги тизим доирасида Ғузор туманида ҳам ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда. Айни вақтда туманда янгича ишлаш механизми орқали маҳаллаларнинг иқтисодий ва тадбиркорлик салоҳияти ошмоқда.

Маҳалладаги Абдукарим Авазовга тегишли бўлган бўш турган маҳалла гузари биносида 10 та лойиҳага тадбиркорлик қилиш истагидаги фуқаролар бириктирилди. Ҳозирда 2 та тикувчилик цехи, нонвойхона ишга тушган. Муҳими, субъектлар фаолиятини бошлагандан сўнг ижара тўлайди.

Қўлидан яхшигина тикувчилик келадиган имконияти чекланган Моҳигул Худойбердиевага кичик тикув цехи учун 33 миллион сўм имтиёзли кредит ҳисобига 5 та тикув дастгоҳи етказиб берилди. Энди у ўзи ва яна тўрт нафар хотин-қизларни иш билан таъминлайди.

“Ёшлар дафтари”га киритилган Зоҳид Аралов ҳам хонадонида имкониятлар чекланганига қарамасдан, уйидаги кичик бир хонада эшик-ромлар ясаш фаолиятини йўлга қўйган. Унинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун 30 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Найим Қобилов хонадонида 1,5 сотих майдонда иссиқхона ташкил этиб, бодринг ва лимон етиштиришни йўлга қўйган. Фуқарога банк мутахассислари томонидан берилган таклиф бўйича 7 миллион сўмлик имтиёзли кредит ҳисобига томорқасидаги бўш турган 1 сотих ер майдонида қўшимча иссиқхона қуриш ишлари олиб борилмоқда.

 

Ў.БАРОТОВ, ЎзА.
Фото: М.Комилов

24-02-2021 |
Фото галерея