Инсон аввало табиат, сўнг жамият фарзандидир. Она табиат фарзандлари бекаму-кўст, соғлом ўсиб-улғайиши, турмуш кечириши учун барча зарур неъматларни, воситаларни ҳам берган. Фақат инсон уларни тафаккур билан англаб, тўғри фойдаланишни билиши керак. Ҳайвонларда бу туғма инстинкт сифатида мавжуд. Қандайдир минерал етишмаса, улар керакли тошларни, тузларни, табиий елимларни ялайди. Этхўр ҳайвонлар керакли ўсимликларни топиб чайнайди. Ҳали онги шаклланмаган гўдак, кальций етишмаса, кесак чайнайди. Лекин инсон онги билими ўсиши натижасида табиатдан анча-мунча узилиб, табиий инстинктлари ўтмаслашиб кетди.

Инсон саломатлиги борасидаги кўпчилик муаммолар, турли-туман касалликларнинг пайдо бўлиши унинг табиатдан узоқлашгани, доривор ўсимликларни етарлича истеъмол қилмагани, кўкатларни, табиий маҳсулотларни кимёвий ва сунъий органик маҳсулотлар билан аралаштираётгани, нотўғри овқатланиши ва кам ҳаракат қилиши оқибатидир. БМТ маълумотларига қараганда, касалликларнинг умумий миқдор кўрсаткичида нотўғри овқатланиш ва гиподинамия (кам ҳаракатланиш) туфайли вужудга келадиганлари 70 фоиздан ортиқ.

Тиббиёт ривожланиши илгари одамларга азоб бериб келган кўпчилик касалликларни даволади, аммо цивилизация, замонавий ишлаб чиқариш ва истеъмол, турмуш тарзи янгиларини туғдирди. Табиатнинг ўзидаги эволюцион жараёнга ҳам бу таъсир кўрсатди. Турли минтақаларда мавжуд бўлган маҳаллий касалликлар, эндемик бактериялар ва вирусларнинг дунё бўйлаб тарқалишига, ўзаро чатишиб ёки ўзгача шароитда мутация бўлиб янгиларини вужудга келтирди. Уларнинг баъзилари жуда катта хавф туғдирмоқда, негаки инсон организмида уларга қарши иммунитет йўқ. Боз устига, нотўғри овқатланиш, гиподинамия, нохуш экологик ҳолатлар одамларнинг иммун тизими анча-мунча заифлаштирган. Бутун дунёда тарқалган коронавирус пандемияси буни яна бир бор тасдиқлади.

Хўш, биз индамай кутиб тураверишимиз керакми? Йўқ, албатта! Турли амалий чоралар кўриляпти, илмий-тиббий изланишлар олиб бориляпти. Эрта-сўнг карантин тугайди, пандемия ортда қолади. Лекин бизнинг турмуш тарзимиз илгаригидай давом этмаслиги лозим. Шу боис президентимиз Ш.Мирзиёев соғлом турмуш тарзини кенг жорий қилиш, овқатланиш маданиятини юксалтириш, халқ табобатини ривожлантириб аждодларимиз асрлар давомида тўплаган тажрибаларидан фойдаланишга алоҳида аҳамият бермоқда. Зарур фармонлар, қарорлар қабул қилинди, ташаббуслар олға сурилди. Улар қаторида “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам катта аҳамиятга эга. Мазкур ҳужжат халқ табобатини ривожлантиришга қаратилган аввалги қарорнинг мантиқий давомидир. Ахир халқ табобати биринчи галда турли гиёҳлар япроқлари, уруғлари, илдизлари шарбати, малҳами, қайнатмаси (дамламалари) дан фойдаланади. Уларни парҳез, яъни белгиланган ўзига хос таомларни истеъмол қилиш, айримларини чеклаш, айримларини вақтинчалик умуман тўхтатиш билан тўлдиради.

Мустақилликдан кейин, чегаралар очилиб, тадбиркорлик ривожлана бошлагач, хориж табиблари ва ишбилармонлари юртимиздан сув текинга қанча доривор ўсимликлар, хусусан каврак илдизларини кавлатиб, тонналаб олиб кетди. Аҳвол шундай давом этаверса, ноёб доривор ўсимликларимизнинг айримларидан бутунлай ажралиб қолардик. Шу сабабдан президент қарорида биринчи навбатда ёввойи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш вазифаси қўйилган. Қарор ижроси мамлакатимиз фармацевтика саноатини зарур хомашё билан таъминлашни яхшилаш қаторида аҳолининг тиббий маданиятини кўтаришга ҳам хизмат қилади. Президентимизнинг соғлиқни сақлаш, халқ табобатини ривожлантириш бўйича қабул қилган фармонлари ва қарорлари соҳадаги ислоҳотларни ижтимоий соҳа, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш соҳасидаги ислоҳотлар билан муштараклаштиришдир. Тегишли кадрлар тайёрлаш билан ҳам боғланиб кетади. Ушбу ислоҳотларнинг яна бир асосий мақсади мамлакатимзда  янги рақобат бардош тиббиёт кластерини яратиб, аҳолимизга юқори малакали шифокорлар  томонидан сифатли тиббий хизмат курсатиш жараёнида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган дори-дармонлар ва тиббий буюмларидан кенг фойдаланишдир. Бугунги кунда маҳаллий флорага мансуб 4,3 мингдан ортиқ ўсимликларнинг 750 тури доривор ҳисобланиб, улардан 112 тури илмий тиббиётда фойдаланиш учун рўйхатга олинган, шундан 70 тури фармацевтика саноатида фаол қўлланиб келинмоқда. 2019 йилда 48 миллион АҚШ доллари қийматидаги қайта ишланган доривор ўсимликлардан олинган маҳсулотлар экспорт қилинган. Шу билан бирга, таҳлиллар доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, уларнинг плантацияларини ташкил этиш, қайта ишлаш орқали қўшимча қиймат занжирини яратиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 10 апрельда доривор ўсимликлар кластери ташкил   қилишни белгилаш зироатчиликни диверсификация қилиш, деҳқончиликни бойитиш учун яна бир қулай имкониятдир. Кластерларда доривор ўсимликларни қайта ишлаш натижасида тайер дорилар билан бир қаторида дорилар учун зарур субстанцияларни экспорт килиш салохиятини оширади. Доривор ўсимликлар кластерида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш жараёнларини интеграциялаш нафақат фармацевтика ва фарминдустрия, балки иқтисодиёт тармоқларимизнинг мазкур соҳа билан узвий боғланган корхоналарнинг ҳам жадал ривожланишига таъсир кўрсатади. Ва яна мухими бу қарор доривор ўсимликлар билан шуғуланаётган тадбиркорларга янги лойҳаларини амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратиб беради.   Қарорга биноан 1 июнь 2020 йилдан бошлаб тиббиёт муассасалари, шу жумладан, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ (овул) врачлик пунктларида, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб мактаб ва олий таълим муассасаларида, давлат ташкилотларида фитобарлар ташкил қилиниши зарур.

Қарорда шунингдек 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб 2025/2026 ўқув йилига қадар ўрта, ўрта махсус ва олий таълим тизимида доривор ўсимликларни ўқитишни ўқув режаларига киритиш, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда ўқув дастурлари, дарсликлар ва қўлланмаларга доривор ўсимликлар ҳақида маълумотлар киритилишини ўқув йили бошлангунга қадар таъминлаш белгиланган.

Кўриниб турибдики Президентимизнинг мазкур қарори улкан ижтимоий, маданий, гуманистик аҳамиятга эга. У соғлиқни сақлаш тизимини комплекс ривожлантириш қаторида аҳолининг тиббий саводхонлиги, маданияти ўсишига, соғлом турмуш тарзи мустаҳкамланишига, қишлоқ хўжалиги зироатчилиги диверсификация қилинишига, янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.

Фозилов Хуршид Гайратович

Иркаев Абдурахим Панжиевич

17-04-2020 |
Фото галерея