Ҳозирги пандемия даврида турмушимиз фаровонлиги, бозорларимиз тўкин-сочинлиги аҳолининг ўз томорқаларидан унумли фойдаланиши билан узвий боғлиқ. Бу борада тарғибот ишларини кучайтириш мақсадида маҳаллий кенгашлар депутатлари жойларда аҳоли хонадонларида бўлиб, томорқадан самарали фойдаланишнинг омиллари ҳақида тушунтиришяпти.

Халқ депутатлари Ғузор ва Шаҳрисабз тумани Кенгаши депутатлари ҳам аҳоли хонадонларида бўлиб керакли маслаҳат, тавсиялар беришмоқда. Томорқадан унумли фойдаланмаётган фуқаролар амалдаги қонунчиликка кўра жаримага тортилиши ҳақида айтиб ўтиляпти.

Шаҳло Тоғаева, Шаҳрисабз туман Кенгаши депутати:

- Туман аҳолиси ўртасида томорқадан самарали фойдаланиш борасида каттагина тажриба бор. Муҳтарам Юртбошимиз ҳамда куни кеча вилоят ҳокими З.Мирзаев бошчилигида ўтказилган масофавий сессия ишида ҳам аҳолининг томорқадан унумдор фойдаланишини тарғиб этишда маҳаллий кенгаш депутатлари фаолликка чақирилди. Бу чорлов халқ вакиллари учун дастуриамал бўлиши керак. Биз фақатгина томорқаларни ўрганиш билан чекланиб қолмай, томорқада мева-сабзавот, полиз маҳсулотларини етиштириш, оила эхтиёжидан ортган маҳсулотларни ташиш, сақлаш, қайта ишлаш, экспортчи корхоналарга сотиш каби тадбирларни амалга ошириш борасида ҳам ўз кўмагимизни кўрсатишимиз зарур.

Луқмон Мамадиёров, Шаҳрисабз туман Кенгаши депутати:

- Томорқачиларнинг бу йилги шашти ҳар йилгидан юқори. Оилавий эхтиёжимиздан ортиб қолган ҳосилни нима қиламиз деб ҳазиллашиб ҳам қўйишмоқда. Албатта, ўрганилган хонадонларда етилган ҳосилнинг ортганига мақбул бозор шароитларини яратиш учун ҳам ҳаракатдамиз.

Шуҳрат Усманов, Ғузор туман Кенгаши депутати:

- “Томорқангиз борми – бой бўласиз” деган тушунчани биз депутатлар астойдил тарғиб қилмоқдамиз. Ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш сир-асрорларини мукаммал ўзлаштириш, тажрибали деҳқонлар ҳамроҳлигида томорқа маданиятини аҳолига ўргатиш бугун учун жуда муҳим. Назаримда, биз депутатлар жараёнга юзаки қарамаслигимиз даркор. Аҳолига томорқадан фойдаланишда зарур шароитларни яратиш учун ўз ваколатимиздан фойдаланиш вақти келди.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, амалдаги қонунчиликка мувофиқ томорқадан фойдаланмаслик 223 минг сўм базавий ставкасининг 3 баравари (669 минг сўм) миқдорида жарима солишга асос бўлади.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

Ахборот хизмати

Мақолалар матни вилоят ҳокимининг давлат тили бўйича маслаҳатчиси З.Аминова таҳрир қилган ҳолда эълон қилинмоқда.

21-04-2020 |
Фото галерея