Қарши шаҳрида вилоятда кичик бизнес ва ҳусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва камчиликлар муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари депутатлари, Марказий банк, Давлат Солиқ бошқармаси, Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси, Давлат хизматлари агентлиги бўлими, Бандлик бошқармаси вилоят ташкилотлари масъул ходимлари, тадбиркорлар ва ёшлар иштирок этдилар. Давра суҳбатини O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши раиси Шуҳрат Турсунов олиб борди ва қуйидаги фикрларни билдирди.

  • Мамлакатимизда аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш, ҳудудни обод ва фаровон гўшага айлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда вилоятимиз ҳудудида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш, қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, маҳаллалар, кўча ва йўллар бугунги меъморчилик талабларига мослаштирилмоқда. Барчанинг хабари бор, 21 июлдаги Яккабоғ туманида бўлиб ўтган ноҳуш воқеа, вилоятимизда кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигига қарамай аҳоли орасида салбий фикрлар келиб чиқишига сабабчи бўлди. Бир кунда чақнаб чиқган муаммо, аслида уч ой-тўрт ой мобайнида етилиб келган. Юқорида келтириб ўтилганидек, бу муаммо бир кунда юзага келмаган, демак яна ўша бефарқ ва лоқайд масъулларимизни бунга жавобгар санашимиз ўринли.

Таъкидлаб ўтиш зарур, O`zLiDeP Яккабоғ тумани Кенгаши раиси ўринбосари, аппарат-раҳбари Маҳмадали Қулбуловнинг ҳам 21 июлдаги Яккабоғ туманида бўлиб ўтган воқеаларга муносабати тингланди.

  • Албатта, истиқболга татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятида инсон манфаатлари мужассамдир. Кенг қулоч ёйган ўзгаришларнинг моҳиятини аҳолига тўғри тушунтириш мақсадида O'zLiDeP Қашқадарё вилояти Кенгаши ходимлари ва халқ депутатлари Қашқадарё вилояти ва Яккабоғ тумани Кенгашларидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари фуқаролар билан учрашиб, суҳбатлашишди. Суҳбатларда аҳолининг кўпчилигидан туманимизнинг бунёдкорликка юз тутиши бизга айни муддао бўлди деган сўзларни ҳам эшитдик. Қувонарлиси, вилоят масъуллари томонидан “Эски Яккабоғ” қўрғончаси ҳудудида “снос”га тушган 34 хонадон эгаларига 1 млрд 700 миллион сўм миқдорида компенсация пуллари ҳам тўлаб берилди.

Маърузаси сўнггида Ш.Турсунов тадбиркор O`zLiDePнинг электорати эканлигини таъкидлаб, барча иштирокчилардан очиқ тарзда муаммоларини ўртага ташлашларини ва фаол бўлишларини сўради. Шундан сўнг, кўплаб муаммолар кўтарилган йиғилиш ниҳоятда очиқ ва жиддий тус олди.

Очиқ мулоқотнинг дастлабки қисмида, “Ҳар бир оила тадбиркор” Дастури юзасидан келиб чиқаётган англашилмовчиликлар банк, таъминотчи, тадбиркор ва депутатлар иштирокида муҳокама қилинди.

Тадбиркор Шоҳрух Серкаев бир неча ойдан буён “Ҳар бир оила тадбиркор” Давлат дастури доирасида 25 миллион сўм миқдоридаги кредит олишида қийинчиликлар юзага келиб, кредит олмаган. Банк ходими Шоҳрух Шаймановнинг тадбиркор саволига жавоби тингланди.

- Республикада 6 ой якунлари бўйича Қашқадарё вилояти кредит ажратилиши бўйича энг юқори кўрсаткични қайд этди. Хабарингиз бор, 2018 йилнинг февраль – март ойларида ҳар бир туман ва шаҳар кесимларида секторлар, маҳаллий ташкилотлар ва тижорат банклари масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, аҳолининг Дастурлар доирасида имтиёзли кредитга бўлган талабини ўрганиш юзасидан ҳар бир хонадонга кириб чиқилди. Республикадан тасдиқланган шаклда яъни қайси тадбиркорлик соҳаси ва қанча миқдорда кредит ажратилиши борасида сўровномалар ташкил этилган эди. Мазкур сўровномада иштирок этган аҳолининг кўп қисми кредит ажратилиши борасида рад жавобини берганлиги боис, сўровномада келиб чиқиб ажратилган маблағдан ҳозирги кунда аҳолининг кредитга бўлган талаби икки маротаба ошган. Бу шуни англатадики, жорий йил учун ажратилган имтиёзли кредитлар йил оҳирига қадар ажратилиши белгилаб берилган. Хужжат қабул қилиш тўхтатилганлигига қарамай, тўрт жамғарма яъни Аҳоли бандлигига кўмаклашиш бошқармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари уюшмаси томонидан тақдим этилаётган имтиёзли кредитлар аҳолига ажратиб келинмоқда.

Шунингдек, очиқ мулоқотда Деҳқонобод тумани Бойқўрғон маҳалласи “Бойқўрғон паҳлавони” ҳусусий корҳонаси раҳбари Бекзод Бердиев банклардан дебиторлик пули қолиб кетаётганлиги борасида ва Қарши тумани Қовчин қишлоғи “Раҳмонов Самар” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Самар Раҳмонов томонидан чорва молларини озиқ овқат билан таъминлаш учун ер майдони ажратилиши борасида мурожаатлар билдирилди. Тадбиркорлар мурожаатлари бўйича тегишли ташкилотлар вилоят Марказий банки ҳамда Қарши туман ҳокимлигига O‘zLiDeP вилоят кенгаши раиси Шуҳрат Турсунов томонидан мурожаат қилинди.

Таъкидлаш жоиз, Халқ депутатлари O‘zLiDeP вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари тадбиркорларга бириктирилиб, ҳар бир ойда ўз ҳудудида бириктирилган тадбиркор фаолияти борасида ҳисобот тақдим этиб бориши белгилаб олинди. Шунингдек, амалдаги қонунларда мулк ва мулкий муносабатлар ҳуқуқий тартибга солинган бўлсада, партиядан сайланган депутатлар унинг ижроси юзасидан етарли назорат ўрнатмаганлиги асосли танқид қилинди.Йиғилишда бу каби муаммоларни қонуний асосда ўз вақтида бартараф этишга қаратилган қатор устувор вазифалар белгилаб олинди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенъат аъзоси Аброров Исомиддин Жамолович ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони етакчи инспектори Шодиев Шерзод Самандарович ўз маърузалари билан иштирок этдилар.

                                                                                                               Вилоят ҳокимлиги  ахборот хизмати

 

04-08-2019 |
Фото галерея