Қашқадарё вилоят адлия ҳамда бандлик бошқармалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрдаги “2020 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 545-сон қарори ижросини таъминлаш  юзасидан бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Вилоятда етиштирилган пахта ҳосилини йиғиб-териб олишга ишсиз аҳолини жалб этиш ҳамда мажбурий меҳнатга барҳам бериш мақсадида кластер, кооператив, отряд раҳбарлари ҳамда теримчилар ўртасида фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузилиб, мавсум шу тарзда бошланди.

Вилоят адлия ҳамда бандлик бошқармаларининг масъул ходимлари билан биргаликда терим бўлаётган фермер хўжаликларининг дала майдонларида мажбурий меҳнатни олдини олиш, вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланиш тақиқланганлиги ва терим мавсумидаги бошқа долзарб масалалар бўйича кунлик мониторинглар ўтказиб келинмоқда.

Масалан, жорий йилнинг 21 сентябрь куни Миришкор туманидаги “Нуржаҳон эъзоз”, Қамаши туманидаги “Мехмон бобо”, Муборак туманидаги “Саид Исломбек”, Косон туманидаги “Қаххор бобо Хазратқул ота” ва “Саиднабиев Усмон” фермер хўжаликларида белгиланган тартибда мониторинглар ўтказилиб, терим мавсумида иштирок этаётган теримчи ва масъулларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Бу йўналишдаги ишлар тизимли давом эттирилади.

21-09-2020 |
Фото галерея