Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги тарихий Қарори ҳалқимиз маънавий ҳаётига, руҳига янги ҳаётбахш насимлар каби бир фараҳбахш тўлқин олиб кирди. Шу кунларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида хизмат қилаётган халқ зиёлилари, ижодкорлари бу табаррук Қарор шукуҳи билан, уйғонган руҳ, сурур ва ғурур билан, энг муҳими, ўз имкониятларини тўла сафарбар қилиш ҳисси билан нафас олмоқда, яшамоқда. Қарорда таъкидланганидек, “Жонажон Ватанимиз “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган бош тамойил асосида тараққиётнинг бутунлай янги босқичига қадам қўйиб, янги Уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратаётган бугунги кунда Алишер Навоийнинг безавол адабий мероси мисолида ўзбек адабиёти ва маданиятини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда”.

Аслида, инсоният онгу тафаккури ҳар қандай ижтимоий ва иқтисодий таназзул даврида ҳам ривожланишдан, юксалишдан тўхтамайди. Бу жараённи ҳеч нарса билан тўхтатиб бўлмайди. Турли соҳалардаги бир неча асрлик кашфиётлар тадрижи кузатилса, бунга амин бўлиш мумкин.

Бироқ бадиий ижод жараёнларида баъзан фавқулодда вужудга келган тўлқинлар, юксалишларнинг юзлаб йиллар ўтса-да, такроран намоён бўлиши қийин.

Шунинг учун ҳам даҳо мутафаккирлар томонидан яратилган юксак бадиий ижод намуналари завол топмайди, улар бебаҳолигича ўз қимматини йўқотмай абадий қолаверади. Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг ўлмас ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутишини ҳам худди шу абадият қонуни билан изоҳлаш мумкин.

Қарорда шоир таваллудининг 580 йиллигини нишонлашни олий даражада ташкил этиш бўйича барча масалалар қамраб олиниши билангина чекланилган эмас, балки буюк мутафаккир меросини кенг кўламда ўрганиш, ҳаётга татбиқ этиш орқали халқ тафаккурига буюк ижодкорлик руҳини сингдириш лозимлиги ҳам назарда тутилган. Зотан, тараққиёт ва юксалиш йўлидаги ҳар қандай ҳаётий муаммо ва вазифалар ечими уларга фақат ижодий ёндашувлар билангина ҳал этилиши мумкин.

Ҳақиқатан, ҳазрат Алишер Навоий асарларида теран ифода топган миллий ва умуминсоний ғояларнинг жаҳон тамаддунида муҳим ўрин тутиши, ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, улар қалбида юксак ахлоқий ва ижодий фазилатларни тарбиялашдаги аҳамияти беқиёслиги янги Уйғониш даври пойдевори учун асос бўлиши шубҳасиз.

Қарорда Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини мамлакатимиз ва халқаро миқёсда кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида маънавий ҳаётимизда катта рол ўйнайдиган қуйидаги ишлар белгилаб қўйилган:

– Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фондини ташкил этиш;

– улуғ шоирнинг ижодий меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштиришга улкан ҳисса қўшган мамлакатимиз ва хорижий давлатлар фуқароларини ҳамда илмий-ижодий муассасаларини тақдирлаш мақсадида Алишер Навоий орденини таъсис этиш;

– хорижий давлатларда сақланаётган Алишер Навоий қаламига мансуб ва у яшаган даврга оид қўлёзмаларнинг факсимиле нусхаларини мамлакатимизга олиб келиш;

– Ўзбекистон Миллий кутубхонасида буюк мутафаккир асарлари ва навоийшунослик фани бўйича амалга оширилган илмий тадқиқотларнинг электрон платформасини яратиш;

– Тошкент шаҳрида Алишер Навоий номидаги ижод мактабини ташкил этиш;

– Навоий шаҳрида “Алишер Навоий ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ташкил этиш;

– Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий таҳсил олган Фазлуллоҳ Абуллайс Самарқандий мадрасасини таъмирлаш ва унинг ҳудудини ободонлаштириш;

– Алишер Навоийнинг янги таҳрирдаги 20 жилдлик мукаммал асарлари тўпламини, рус тилидаги 10 жилдлик асарлари ҳамда Алишер Навоийга бағишланган китоб-альбомнинг нашрини амалга ошириш;

– тўрт жилдлик “Алишер Навоий энциклопедияси”ни, беш жилдлик “Алишер Навоий асарларининг изоҳли луғати”ни нашр этиш.

Булардан ташқари, мен олимлар олдига қўйилган алоҳида аҳамиятга эга бўлган муҳим вазифалардан иккитаси ҳақида тўхталишни лозим топаман. Булардан бири – Фанлар академияси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига 2020 – 2021 йиллар давомида Алишер Навоийнинг қўлёзма манбалари асосида шоир асарларининг мукаммал илмий нашрини яратиш ишларини амалга ошириш вазифаси топширилганидир. Ушбу вазифа жуда мураккаб иш бўлиб, уни амалга ошириш кенг миқёсдаги матншунослик ишлари олиб борилишни тақозо қилади.

Айтиш лозимки, бу борада ҳозиргача айрим ишлар амалга оширилган бўлса-да, улар мукаммал илмий нашр саналиши қийин. Чунки бизнинг адабиётимиз тарихи манбалари, жумладан Навоий асарлари матнининг илмий нашри хусусида сўз борганда уларнинг биз кўп таянадиган рус ёки Европа матншунослигидаги бу тушунча маъносидан кескин фарқ қилишини ҳисобга олиш зарур.

Афсуски, ҳозиргача ўзбек матншунослигида бу муаммонинг назарий методологик асослари ишлаб чиқилмаган. Қарорда белгиланган илмий нашрни амалга ошириш учун, албатта унинг назарий методологик асослари, лоақал унинг дастлабки тамойиллари ҳам вужудга келади.

Иккинчиси – Инновацион ривожланиш вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда Алишер Навоий ҳаёти ва ижодий меросини тадқиқ этиш бўйича илмий тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ илмий лойиҳалар танловини ўтказиш, яъни давлат томонидан навоийшунослик ривожини қўллаб қувватлаш орқали буюк мерос моҳияти кенг ва чуқур очилишига эришилади, янги кашфиётлар дунёга келади.

Бу тадбир навоийшунослар ва матншунослар учун жаҳон кутубхоналари ва ноёб қўлёзмалар хазиналаридаги буюк аждодимиз мероси намуналарини тўплаш ва ўрганиш имкониятларини очади.

Умуман олганда, Қарор илм ва ижод аҳлларининг фаолиятида янги саҳифалар очишига шубҳа йўқ. У давлатимиз раҳбари томонидан маънавий тараққиётимизни янги босқичга олиб чиқиш учун ишлаб чиқилган муҳим йўлланмадир.

 

Филология фанлари доктори,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси:                  Нафас ШОДМОНОВ.

05-11-2020 |
Фото галерея