Қай шаҳар, қай манзилга борманг илк эътиборингизни кўча ёзувлари, кўргазмали восита ва пешлавҳалар тортади. Aста секин уларни ўқий бошлайсиз. “Оптом яхна ичимликлар”, “Ми открилис”, “Мега файз”, “Мега строй”, “Чайхана”, “Завтрак”, “Обойлар дўкони”, “Леди бутик”, “Мини маркет”, “Супермаркет”, “Хлеб бор”, “Ҳар куни заказ ош”... Бошингиз айланиб кетиши тайин. Ўз-ўзингизга савол берасиз: “Мен қаердаман? Она юртимдами?”

Тавба, бизга нима бўлаяпти. Машҳур кинофильмда айтилганидек, хўрозқанд чет элники деса ётиб ялайдиганларнинг сони тобора ортиб бораётгани таажжубли. Турли хориж сўзларидан ясалган “қоришма”ни элга тортиқ этаётганлар бу иши билан нафақат кулгуга қолаётганини, ҳудуд ҳуснига доғ тушираётгани билармикин? Aхир болаликдан онгу-шууримизга онамиз алласи билан сингган она тилига ҳурмат ҳиссини ҳар бир инсон, у тадбиркор бўладими, савдогар ёки дўкон эгасими, албатта ўзида шакллантириши керак эмасми?

— Тадбиркорликни бошлабсиз, табриклайман. Тўғрисини айтсам, дўкон пештоқига илиб қўйилган номга тушунолмадим?

— Шу кунларда шу саволни берадиганлар кўпаймоқда. Бу... мен, ўзим, ўғлим, қизимнинг исмларини бош ҳарфини олиб шу номни қўйгандек. Қайси куни келиб ҳокимиятдан огоҳлантириб кетишди, ўзгартирамиз. Шу пайтгача бирон киши айтмаган эканда. Бу ишда ўзбошимчалик қилиб бўлмайди, мана англаяпмиз. Aлмаштирамиз, узоғи билан уч-тўрт кунда, — дейди тадбиркор.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги ва “Реклама тўғрисида”ги қонунлари ижросини таъминлаш ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020-йил 20-февралдаги “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори талаблари доирасида – Қашқадарё вилоятида ишчи гуруҳлар томонидан ўрганишлар олиб борилмоқда. Реклама баннерларнинг жойлаштирилиши ва уларнинг қонун талабларига мос бўлишига эʼтибор қаратилиб, реклама тайёрлаш билан шуғулланувчи фирмаларнинг рўйхати шакллантирилди.

Туман(шаҳар) ҳокимликлари, Монополия бошқармаси ва “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси томонидан берилган маълумотга кўра айни кунда вилоятда 201 та 3 метрга 6 метр ўлчамдаги реклама баннерлари ўрнатилган. Уларни давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлишини таъминлашга эътибор қаратилмоқда.

Қонунга зид бўлган кўргазмали ёзувлар, лавҳалар, пешлавҳалар бўйича тушунтиришлар ўтказилмоқда. Тарғибот тадбирлари давомида ўзини билағон атаб, овозини баланд қўйиб “ғолиб келмоқчи” бўлаётганлар ҳам йўқ эмас. Тартибнинг бош негизи – қонун доирасида иш юритиш.

Нимаики тадбир қонунийдир, демак у доимийдир.

Уч кун давомида Қарши шаҳрининг тўртта кўчаси бўйлаб ўрганиш ўтказилди ва 70 га яқин қонун талабларига зид кўча ёзувлари бартараф этилди. Миришкор, Қамаши, Китоб, Касби туманларида ҳам назорат тадбирлари доирасида зарур чоралар белгиланди.

Ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлган, яъни “Чопар” хизмати ҳақида маълумот берувчи баннерда ҳазрати Бобур мирзо қўлига писта бериб қўйилгани ифодаланган баннер ҳам олиб ташланди. Назаримизда, аждодлар меросини асраб-авайлаш ва унга ҳурмат ҳиссини ошириш кундалик ишимиз, юрак амри бўлмоғи керак. Бунда эса жамоатчилик назоратини кучайтириш иши – бу борадаги ишларнинг натижадорлигини таъминлайди.

Яна бир гап, ўрганишлар давомида шу аён бўлмоқдаки, ҳар бир инсоннинг амалга ошираётган иши унинг диди, фаҳм-фаросати ва маънавиятини кўрсатади. Унга кўзгу тутади. Кўзгулар хира тортмасин.

Зиёда Aминова

Қашқадарё вилояти ҳокимининг маслаҳатчиси

17-04-2020 |
Фото галерея