Ҳар бир одамнинг, ҳар бир оиланинг ўзига яраша оғриқли нуқталари, ҳаёт йўлларида тоблаган синовлари, тақдир йўллари бор. Бу баҳор бир инсон ёки бир оиланинг эмас, бутун дунё аҳлининг, жумладан, халқимиз бошига ҳам катта синов билан келди. Синовларга ҳайрон ва ҳадик билан қараётган юртдошларимга қараб, бу офатнинг ортида гуноҳларимиз турмаганмикан, бу синов ўзимизни яна бир бор тафтиш қилиш учун юборилмадимикан, деган ҳақли савол хаёлимиздан ўта бошлайди.

Ростан ҳам бир ўйлаб кўрдикми?! Кимнинг дилини оғритдигу, кимга озор бердик?!

Дунёни қўя турайлик, ўзимиз яшаб турган жойда бир ён-атрофимизга қарайлик, ҳали ёдимиздан кўтарилиб улгурмаган воқеа-ҳодисаларга бир назар ташлайлик. Тан олиб айтиш керакки охирги йилларда юртимизда етим болалар, қаровсиз кексалар, тириклайин ташлаб кетилган норасида гўдаклар, таълим муассасаларида ичкилик ва чекишга рўжу қўйган ёшлар, ота-онасига қўл кўтаришни одат қилган фарзандлар сони кўпайди. Минг афсуски, шайтоннинг макрига алданган қотил ота-оналар ҳам кўзга кўриниб қолди. Агар шундай кўнгилни хира қилувчи ҳоллар бўлмаганида бугун бу синовлар бошимизга тушмаган бўлармиди?!

Кўзёш билан тўйган болалар; Ҳеч ёдимдан чиқмайди. Болалигимда жуда кеч бўлишига қарамай бир аёл уйимизга йиғлаб келди. Онамга: “Ёрдам беринг, опа. Ишсизман, имконсизман. Болаларимнинг қорни оч. Мендан егулик сўрашса, ночорлигимдан хўрлигим келиб йиғлайман. Болаларим эса кўз ёшимни кўриши билан: “Аяжон, йиғламанг. Бизни қорнимиз тўйди”, дейишади. Мен болаларимни кўзёшларим билан тўйдиряпман...” деди. Унинг гапларини эшитган раҳматли онам гарчи ўзи етти нафар фарзандни ёлғиз боши билан катта қилаётган бўлсалар-да, уйда нимаики егулик бўлса, ҳаммасини йиғиб, ўша аёлга солиб бердилар-да, эртасига маҳалладан ёрдам ва иш масаласини ҳал қилишда кўмак беришини айтиб, жўнатиб юбордилар. Мен эса уйқу тортган кўзларимни уқалаб: “Эртага ўзимиз учун ҳеч нима қолдирмадингиз-ку”, десам онам: “Эртагача Худо подшо, болам, Худо подшо. Ягона ва одил подшо эзгулик ортидан эзгулик юборади. Ғойибидан Ўзи етказиб беради”, дедилар. Ростан ҳам шундай вазиятларнинг эртаси куни онамнинг айтган гапларига ҳайрат билан ишонч ҳосил қилардим-да,бола қалбим билан осмонга қараб: “Ягона ва одил подшо эзгулик ортидан эзгулик юборади”, деб такрорлардим...

Хўш ҳозир фарзандларини кўз ёшлари билан тўйдираётган оналар йўқ деб ўйласизми?! Яқинда таҳририятларнинг бирида ишлайдиган талаба йигитнинг онаси билан суҳбатлашиб қолдим. У аёл: “Шундай кунларимиз бўлдики ўғлим қорни очса, ўзини чалғитиш учун китоб ўқиб, ухлаб қоларди. Худога шукур, ўз билими билан олий ўқув юртига кирди. Энди ўқиш билан биргаликда ишлаяпти”, деди.

Азиз юртдошим! Сиз ҳеч ўйлаб кўрдингизми?! Қачон, кимга эзгулик улаша олдингиз?! Балким бирор яқинингиз, қўшнингиз ночорликдан қийналаётгану, бироқ ёрдам сўрашга орияти йўл қўймай, фарзандларини кўзёши билан тўйдираётгандир. Агар бир-биримизга эзгулик улашишни одат қилганимизда эди, у ҳозир юртимизга тождорвирусни эмас, кўнглимизни шод қиладиган яхшиликларни етаклаб келган бўлармиди!

Нилуфар Жабборова, журналист

01-04-2020 |
Фото галерея